Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудларда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни, бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 30 январь куни Жиззах вилоятига ташриф буюрди, дея хабар қилди ЎзА.

Президентнинг ушбу ташрифи давомида ҳам вилоятни янада ривожлантиришга қаратилган қатор лойиҳаларнинг амалга оширилиши, аввалги ташрифда берилган топшириқлар ижроси, аҳолининг талаб-эҳтиёжлари билан бевосита танишиш кўзда тутилган.

Давлат раҳбари ўтган йил март ойида вилоятга ташриф буюриб, зарур таклиф ва тавсиялар, топшириқларни берган эди.

Вилоятда 2018 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 7 трл 138 млрд сўмни, ўсиш 2017 йилга нисбатан 105 фоизни ташкил этди. Йиллик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 102,1 фоизга, қурилиш ишлари ҳажми 104,4 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 102 фоизга, чакана савдо айланмаси 107,4 фоизга, хизматлар ҳажми 113,3 фоизга ошди.

Ўтган йили вилоятда 10 млн 113 минг долларлик саноат ва 34 млн 504 минг долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари, жами 44 млн 617 минг доллар маҳсулот экспорт қилинди. Натижада экспорт ҳажми 2017 йилга нисбатан 9,5 млн долларга ёки 127 фоизга ошди.

2018 йилда вилоятда 43 та янги қўшма ва хорижий корхоналар рўйхатдан ўтказилиб, улар сони 120 тага етди.

Ўтган йили вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида умумий қиймати 2 трлн 737 млрд сўмлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилиши натижасида 395 та лойиҳа амалга оширилди. Бу соҳада ўсиш 232 фоизни ташкил этди.

Давлат раҳбари ўтган йилги ташрифи чоғида ҳудудда етиштирилган пахта хомашёсини чуқур қайта ишлаш бўйича берган топшириқлари асосида вилоятда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадида умумий қиймати 27,1 млн доллар, жумладан, 8 млн доллари тўғридан-тўғри хорижий нивестиция бўлган 19 та лойиҳа амалга оширилиб, 1420 та янги иш ўрни яратилди.

Зарбдор туманида «Зарбдор текстиль», Янгиобод туманида «Баландчақир текстиль», Пахтакор туманида «Пахтакор Текс», Мирзачўл туманида «Мирзачўл Текс», «Мирзачўл тикувчилик», Жиззах шаҳрида «Жиззах текстиль» МЧЖлар томонидан ип- калава, тайёр кийимлар ишлаб чиқариш бўйича йирик лойиҳалар амалга оширилди.

Айни пайтда вилоятда 312 та тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналари фаолият олиб бормоқда. Ўтган йили вилоятда етиштирилган 180 минг тонна пахта хомашёси ҳудуддаги 5 та пахта тозалаш корхонаси томонидан 100 фоиз қайта ишланиб, 60 минг тонна тола олиниши режалаштирилган.

Олинган 60 минг тонна пахта толасининг 23,1 минг тоннаси — 38,5 фоизи қайта ишланиши натижасида 20,5 минг тонна ип-калава маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.