Икки ой муддат ичида «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси тугатилиб, унинг ўрнини озиқ-овқат соҳасида ўзини ўзи тартибга солувчи ташкилот тузилади. Бу Ўзбекистон президентининг 28 январдаги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги қарорида ўз аксини топган.

«Ўзбекозиқовқатхолдинг» 2016 йил баҳорида Ўзбекистон озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси асосида ташкил этилган эди.

Холдинг компаниясини тугатиш режаси ўтган йилнинг кузида маълум бўлган эди. Президентнинг озиқ-овқат саноатини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисидаги қарори лойиҳасида соҳа корхоналарини бошқаришда ортиқча оворагарчиликлар ва бир-бирини такрорловчи ваколатлар тўғрисида тўхтаб ўтилганди.

Қарор лойиҳасида ишлаб чиқарувчилар бозорда йиғилиб қолган реал вазиятларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқариш ҳажмини мустақил белгилаш, экспортни кенгайтириш ва хорижий бозорларда миллий брендларни тарғиб қилишда қийинчиликларга дуч келаётгани таъкидланган.