Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан психотроп моддани олиб ўтиш билан боғлиқ божхона қонунбузилиши ҳолатига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Хусусан, фуқаро Э.Н. ўз бошқарувидаги «Опел Астра» автомашинаси билан Ўзбекистонга кириб келганидан сўнг, белгиланган тартибда назоратдан ўтказилди.

Натижада, фуқаронинг автомашинасидан оғзаки савол-жавобда маълум қилинмаган ва йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган, Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилиши тақиқланган 5 қути — 250 дона «Циклодол тригексифенидил» психотроп дори воситалари мавжудлиги аниқланди.

Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Э.Н.га нисбатан жиноий иш қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.