28 январь куни Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги пресс-холлида «Ўзбекистонда экологик муҳитни янада яхшилаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди, дейилади xs.uz ахборотида.

«Тошкент шаҳрида кўкаламзорлаштириш концепцияси мавжуд эмас, — деди Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Нодир Юнусов. — Бизга шундай концепция керак, у нафақат дарахтларни экиш ва парвариш қилиш, балки мавжуд барча дарахтларни муҳофаза қилиш, санитар тарзда, дори воситаларидан фойдаланган ҳолда соғломлигини сақлаб қолиш каби долзарб масалаларни ҳам қамраб олиши лозим».

Нодир Юнусовнинг билдиришича, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши билан ҳамкорликда «Шаҳардаги дарахтлар бўйича стратегия» («Стратегия по городским деревьям») ишлаб чиқилган. Бу лойиҳа аслида стратегиянинг дастлабки хомаки кўриниши бўлиб, уни мутахассислар ва илмий институт ходимларининг таклифлари асосида тўлдириш, кенгайтириш талаб этилади. Ҳозирда МДҲ давлатлари шаҳарларида мавжуд лойиҳавий ишланмалар андоза сифатида ўрганиб чиқилмоқда. Янги стратегияни август ойига қадар Тошкент шаҳри миқёсида тасдиқланиши режалаштирилмоқда.

«2018 йил 27 июнидан 31 декабрига қадар 10 минг тупдан ортиқ дарахтни кесиш бўйича мурожаат тушган, — деди Нодир Юнусов. — Шулардан 3 201 туп дарахт сақлаб қолинган. 1 899 туп дарахт «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғри-сида"ги Қонуннинг 37-моддаси 3-қисмига асосан тўловсиз қирқилган. 388 туп дарахт давлат аҳамиятига эга бўлган объектлар қурилиши муносабати билан қирқилган. 3 840 дона дарахт эса 1 млрд 44 млн 908 минг 436 сўмлик тўлов пули эвазига юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатига кўра қирқилган».

Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси мутасаддиларининг билдиришича, дарахтларнинг ноқонуний кесилишини бартараф этиш борасида 2 та вазифа кўзда тутилган.

Биринчидан, ягона маълумот алмашиш тизими йўлга қўйилади. Бу тизим орқали ҳар қандай юридик ёки жисмоний шахс мурожаатларини бошқарманинг маълумотлар базасига жўнатиши мумкин бўлади. Туманларда ташкил этилган инспекция ходимлари мурожаатда кўрсатилган ҳудудга оператив тарзда, ярим-бир соат ичида етиб боради ҳамда белгиланган тартибда чора кўради.

Иккинчидан, Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси 15 февраль куни ишга тушадиган расмий сайтида дарахтларни кесиш учун берилган рухсатномалар ҳақида ўз вақтида ва тўлақонли маълумотлар жойлаштириб борилади.

Матбуот анжумани давомида ОАВ мухбирлари дарахтлар кесилишининг олдини олиш ва назорат ўрнатиш чоралари ҳақида саволлар берди.

«Бу йил пойтахтимизда юз берган мудҳиш воқеага роппа-роса 10 йил тўлади — 2009 йилда Амир Темур хиёбонидаги дарахтлар кесиб ташланган эди, — блогер Никита Макаренко. — Бу ҳодисани сиз ҳуқуқий нуқтаи назардан қандай баҳолайсиз, сиз буни жиноят деб ҳисоблайсизми ёки бу қонун доирасида қилинган ишми?»

«Дарахтларнинг кесилиши қонуний ёки ноқонунийлиги тўғрисида суд органлари қарор чиқаради. Мен ҳозир 10 йил олдин бўлиб ўтган воқеани шарҳлаб ўтирмоқчи эмасман, — деди Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Нодир Юнусов. — Мен 2019 йилдаги маълумотлар ҳақида гапира олишим мумкин. Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида дарахтларни ноқонуний кесиш ҳамда бунинг учун тайинланадиган маъмурий жазо чоралари аниқ-тиниқ ёзиб қўйилган. Жорий йилнинг 28 куни мобайнида прокуратурага 2 та ҳолат бўйича тақдимнома киритилди. Жумладан, ҳозирда Учтепа туманида содир этилган ҳолат юзасидан 128 млн сўмлик, Чилонзор туманида юз берган ҳолат бўйича эса 180 млн сўмлик жарима ундириш даъвоси кўриб чиқилмоқда».

Маълумот учун: Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва унинг тасарруфидаги тузилмалар дарахтларни кесишга рухсат берувчи орган ҳисобланмайди, хулоса берувчи ташкилот саналади. Ушбу хулоса асосида жойлардаги маҳаллий ҳокимият органлари томонидан рухсатномалар расмийлаштирилади. Дарахтларни кесиш ваколати Ободонлаштириш бошқармасига тегишли.

«Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан ҳамкорликда 2019 йилнинг 1 июнига қадар республика ҳудудидаги барча дарахтлар хатловлардан ўтказилади», — деди Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Матбуот хизмати вакили Севара Давлатова.

Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Нодир Юнусовнинг маълум қилишича, 2019 йил баҳор мавсумида Тошкент шаҳрида 409 минг туп манзарали ва мевали дарахт экилиши белгиланган.