«Ўзчармсаноат» уюшмаси раиси лавозимида фаолият юритган Умурзоқов Сардор Ўктамович Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазири этиб тайинланди, дея хабар қилди ассоциация матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Ташқи савдо вазирлигининг қўшилиши орқали ташкил этилмоқда.

Сардор Умурзоқов (1977 й. т.) Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Рэдинг университети (Буюк Британия) магистратурасини тамомлаган, ҳозирда фан доктори илмий даражасига (PhD) эга. Сардор Умурзоқов узоқ муддат Ўзбекистон банк соҳасида, Европа тикланиш ва тараққиёт банкида (Лондон, Буюк Британия) ҳамда республика молия тизимида, хусусан Молия вазирлиги Ғазначилигида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритган.

Бунгача Давлат инвестиция қўмитасига Сухроб Холмуродов (2018 йил февралдан), Ташқи савдо вазирлигига эса Жамшид Ходжаев (2017 йил ноябрдан) раҳбарлик қилган.

«Газета.uz"нинг ҳукуматдаги ахборот манбаси маълумотларига кўра Вазирлар Маҳкамаси таркибининг тубдан ўзгариши кутилмоқда.

Аввалроқ бош вазир ўринбосарларининг муайян идораларга раҳбарлик қилиши амалиёти тугатилиб, бош вазир ўринбосарлари сони оптималлаштирилиши хабар қилинган эди. Президент Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаатномасида республикада «ихчам» Вазирлар Маҳкамаси ташкил этилишини маълум қилди.