Нодир Собирович Отажонов Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси ўринбосари этиб тайинланди, дея хабар қилди «Газета.uz"нинг ҳукуматдаги ахборот манбаси.

У тайинловга қадар 2017 йил августдан бери бош вазир ўринбосари — Ташқи савдо фаолияти, экспорт салоҳияти, машинасозлик, автомобиль ва электротехника саноатини ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари комплекси раҳбари сифатида ишлаб келаётган эди.

Нодир Отажонов (1967 йилда туғилган) — Андижон қишлоқ хўжалиги институти (1993), Наманган муҳандислик-педагогика институти (1999) ва Банк-молия академияси (2000) битирувчиси.

1993−2007 йилларда Ўзбекистон Молия вазирлигида фаолият кўрсатган. 2007−2010 йилларда «Ўзавтосаноатлизинг» компанияси директори бўлган. 2010−2017 йилларда «Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг» акционерлик лизинг компанияси (ҳозирда «Ўзагролизинг») бошқаруви раиси лавозимида фаолият кўрсатди. 2017−2018 йилларда «Ўзагротехсаноатхолдинг» компаниясига раҳбарлик қилди.