Орол денгизининг қуриган майдонидан чучук сув топилди, дея хабар қилди ЎзА. Ушбу чучук сув Жанубий Орололди артезиан бассейнининг бор даври ётқизиқларидан, яъни 260−280 метр чуқурликдан топилди. Сув сарфи секундига 7 литрни ташкил этиб, унинг минераллашуви 3 грамм, қаттиқлиги 6 миллиграмм эквивалентга тенг.

«Жанубий Орололди артезиан бассейни ер ости сувлари Чимбой, Тахтакўпир, Қораўзак туманлари ҳудудларини қамраб олади, — дейди Оролбўйи дала гидрогеологик экспедицияси бошлиғи Шавкат Олимов. — Фойдаланишга яроқли бундай сув кўзлари ушбу туманларда ҳам топилган. Жанубий Орололди артезиан бассейни ер ости сувларини махсус ускуналар ёрдамида чучуклантириб, ичимлик суви сифатида фойдаланса ҳам бўлади. Ҳозирги кунда Чимбой, Қораўзак, Тахтакўпир туманларида шундай ускуналар ёрдамида аҳоли сувни истеъмол қилиб келмоқда».

Тўрт-беш ярусдан ташкил топган бор даври ётқизиқларининг пастки қатламларидаги жанубий Орололди артезиан бассейни ер ости сувлари термал ва минераллашган бўлиб, шифобахш хусусият касб этади. Бу каби 47−50 градус иссиқликдаги сувлар Қозоқдарё, Қораўзак, Чимбой ҳудудларида мавжуд.

Оролбўйи дала гидрогеологик экспедицияси томонидан жорий йилда Мўйноқ туманида, яъни Возрождение ороли, Сургил, Ахантай ҳудудларида шу каби 40 та сув кўзларини очишни режалаштирилган. Бу — биринчиси. Сув кўзларининг очилиши Қорақалпоғистоннинг шимолий туманларида чорвачиликни ривожлантиришга замин яратади. Шунингдек, 2021−2023 йилларда Жанубий Оролнинг қуриб қолган қисмини геологик жиҳатдан ўрганиш ишлари олиб борилиши ҳам алоҳида дастур сифатида қабул қилинган.