29 ёшли модель Надя Непомняшая 23 январь куни Лондондан учиб келишда Тошкент халқаро аэропортида ушланган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг дастлабки тергв ҳужжатларига таяниб «Газета.uz"га маълум қилишича, Тошкентда доимий рўйхатда турувчи Надя Непомняшая 2018 йилнинг 8 августида паспортида хорижга чиқишга рухсат берувчи стикер (ўтган йил сўнгига қадар икки йил муддатга берилган) бўлмаган ҳолда Россия орқали Англияга борган.

Надя Непомняшаяга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 223-моддаси 1-қисми бўйича (Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш — энг кам ойлик иш ҳақининг 200 дан 400 баробаригача жарима ёки 3 дан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) жиноий иш қўзғатилди.

Айни вақтда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Хорижга чиқиш учун мажбурий равишда расмийлаштирилиши лозим бўлган рухсат берувчи қайд мавжуд стикер (ОВИР) 1 январдан бекор қилинди. Унинг ўрнига 10 йил муддатга берилувчи хорижга чиқиш паспорти жорий этилди.