Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда шу йилнинг 25 январидан 25 февралигача Тошкент шаҳрида «Соғлом ҳаётга қадам ташла!» акцияси ўтказилмоқда. Ундан кўзланган мақсад аҳолининг тиббий билимини ошириш, ўз соғлиғига бўлган эътиборини кучайтириш, тўғри овқатланиш, жисмоний фаоллик ҳамда тамакидан воз кечиш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб боришдир. Бу ҳақда мазкур ақция олдидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида айтиб ўтилди.

Бир ой давомида ўтказилиши режалаштирилган мазкур акция Тошкент шаҳрининг Миробод, Яшнабод, Юнусобод ва Шайхантоҳур туманларининг жамоат жойларида бўлиб ўтади.

Ҳудудлардаги «Корзинка» супермаркетлари, корхона ва ташкилотлар, маҳаллаларда — «Саломатлик майдончалари», ҳудудларда уюшмаган ёшлар билан «Саломатлик дарслари», таълим муассасаларида «Тамакисиз ҳудуд учун овоз берамиз» акциялари, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотиш қоидаларига риоя қилиш, тамаки маҳсулотлари сотувини рағбатлантирилишини олдини олиш ҳамда иш ва жамоат жойларида ҳамда жамоат транспортларида тамакисиз ҳудуд яратиш бўйича оммавий рейдлар олиб борилади.

Шунингдек, бу ерда шифокорлар фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиб, жойлардаги ўқув муассасалари ва маҳаллалардаги ёшларга тамаки чекишнинг зарарли оқибатлари ҳақида маърузалар қилишади.