«Яндекс» Тошкент кўчаларидаги тирбандликларни ўн баллик шкала бўйича баҳолашни бошлади, дея хабар қилди компания матбуот хизмати «Газета.uz"га.

"Яндекс" бош саҳифаси, «Навигатор» ва «Яндекс Хариталар"да йўллардаги вазиятни балларда баҳолаб турувчи светофорлар пайдо бўлди. 0 дан 3 балгача — йўллар очиқ, 4−6 — ҳаракатланиш қийин, 7−10 — жиддий тирбандликлар.

Кўчаларнинг қанчалик тирбандлигини баҳолаш учун «Яндекс» турли манбалардаги ахборотлардан фойдалана, дейилади хабарда. Жумладан «Яндекс Хариталар», «Яндекс Навигатор» фойдаланувчилари ва компания ҳамкорлари машиналаридан келиб тушган хабарлар таҳлил қилинади. Маълумотларга ҳайдовчи ҳақида ахборотлар бўлмайди, фақатгина автомобилнинг жойлашган ўрни, йўналиши ва тезлиги кўрсатилади. Ҳаракат тезлигидан тизим машина тирбандлик ичида қолгани ёки одатдаги каби кетаётганини билиб олади.

Шаҳардаги ҳар бир йўналиш, жумладан асосий шоссе ва шоҳ кўчалар учун қоидаларни бузмаган ҳолда тирбанд бўлмаган кўча бўйлаб кетиши мумкин бўлган вақт эталони мавжуд. Тизим ҳайдовчидан барча маълумотларни олгач, реал вақтнинг эталондан фарқини ўлчайди. Ушбу фарқ асосида барча йўналишлар бўйича тирбандлик балларда ҳисоб-китоб қилиб чиқилади.

Йўллардаги вазиятни ўрганиш тизими ишга туширилгач, «Яндекс» шаҳарда тирбандликлар 7:30 дан кейин бошланиб, 9:00 дан энг юқори даражага чиқишини ўрганди. Кечки тирбандликлар эса 17:30 дан бошланиб, 18:20 дан 19:10 га қадар 7 балга кўтарилади. Дам олиш кунлари эрталаблари тирбандликлар кузатилмайди, бироқ шанба куни кечки 19:30 да тирбандлик 6 балга етади.

Йўллардаги вазиятга об-ҳаво, байрамлар ва бошқа ҳолатлар таъсир кўрсатиши мумкин. Жумладан ёмон об-ҳаво сабабли 19 декабрь куни Тошкентдаги тирбандликлар 9 балга қадар кўтарилган.