Қозоғистонлик автобус ҳайдовчиси йўл-транспорт ҳодисасини содир этганлик айби бўйича Саратов вилоятида суд қилинмоқда. Бу ҳақда ЎзА вилоят ИИБ матбуот хизмати хабарига таяниб маълум қилди. Мазкур ҳодиса оқибатида беш нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган эди.

Буюртма автобус ва юк поезди 2018 йилнинг 17 ноябрь куни Россиянинг Саратов вилояти Озинск туманидаги бошқарилмайдиган темирйўл чорраҳасида тўқнашиб кетган эди. Бунинг оқибатида автобусда ўзбекистонлик бўлган беш нафар йўловчи ҳалок бўлган. Ҳайдовчи ва унинг шериги бўлмиш Қозоғистон фуқаролари оғир аҳволда шифохонага ётқизилди. Полиция 61 ёшли автобус ҳайдовчисига нисбатан жиноий иш очди.

«Ҳайдовчига Россия Жиноят кодексининг 264-моддаси 5-қисми „Эҳтиётсизлик оқибатида икки ва ундан ортиқ кишининг ўлимига сабаб бўлган йўл-транспорт ҳодисасини келтириб чиқариш“ бўйича айблов қўйилди. Айни дамда мазкур жиноий ишнинг барча материаллари полиция терговчилари томонидан судга топширилди», дейилади хабарда.

Ҳайдовчи етти йил озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Полициянинг аниқлашича, «Kaessbohrer» русумидаги автобусни бошқарган айбланувчи кўриш даражаси ёмонлиги сабаб светофорнинг тақиқлов сигналини ва овозли сигнализацияни пайқамаган ҳамда яқинлашиб келаётган поездни сезмаган ҳолда автобусни чорраҳага олиб борган.