Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Абу Райҳон Беруний номидаги Бизнес ва бошқарув республика олий мактабига ўқишга қабул қилиш ва ўқитишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда вазирликнинг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Низомга мувофиқ, Олий мактаб магистратурасида бошқарув кадрларни тайёрлаш тўлов-контракт асосида, ишлаб чиқаришдан ажралган ва ажралмаган ҳолда амалга оширилади.

Ўқитиш «Лойиҳа бошқаруви» («Prоjеct managеmеnt») мутахассислиги бўйича бир йиллик, «Бизнес бошқаруви» («Mastеr оf Businеss Administratiоn — MBA») мутахассислиги бўйича икки йиллик магистратурани қамраб олади.

Олий мактабга кириш тест синовлари ва суҳбат шаклида амалга оширилади.

Олий мактаб магистратурасига олий маълумотга ҳамда қуйидаги иш стажига эга фуқаролар қабул қилинади:

ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таълим учун — уч йилдан кам бўлмаган;

ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим учун — беш йилдан кам бўлмаган.

Номзодлар аризани Олий мактабнинг расмий веб-сайти орқали унга қуйидаги ҳужжатларнинг нусхасини илова қилган ҳолда юборади:

олий маълумоти тўғрисидаги ҳужжатнинг нусхаси;

иш стажини тасдиқлайдиган белгиланган намунадаги ҳужжат;

4х6 ўлчамдаги рангли фотосурат;

паспорт (имтиҳон вақтида асл нусхаси тақдим этилади).

Тест синовларидан муваффақиятли ўтган номзодлар суҳбатга киришига рухсат этилади.

Номзодлар билан суҳбат шахсий мулоқот ўтказиш орқали уларда бошқарув қобилиятларига эга эканлик даражасини баҳолаш, тизимли ва аналитик фикрлаш қобилиятларини, етакчилик сифатларини аниқлаш юзасидан амалга оширилади.

Кириш имтиҳонларини муваффақиятли топширган номзодлар рўйхати веб-сайтда эълон қилинади.

Кириш имтиҳонларидан ўта олмаган номзод уч кун ичида апелляция бериш ҳуқуқига эга.