Меҳмонхоналар ахлоқсиз хатти-ҳаракатларни содир этишда гумон қилган меҳмонларга хизмат кўрсатмаслик ҳуқуқига эга бўлиши мумкин. Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган янги таҳрирдаги меҳмонхона хизматларини кўрсатиш бўйича намунавий қоидалар лойиҳасида ушбу банд ҳам ўрин олган. Ҳужжа лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Лойиҳада меҳмонхоналарга оила ва вояга етмаганларни ҳимоя қилиш, фуқаролар ҳаёти, соғлиғи, қадр-қимматини сақлашга хизмат қилувчи ижтимоий қадриятларга зид хатти-ҳаракатларни содир этишда асосли гумонлар бўлган тақдирда, меҳмонхона хизматларини кўрсатишдан бош тортиш ҳамда бу ҳақда ички ишлар органларини хабардор қилиш ҳуқуқини бериш кўзда тутилган.

Ҳужжатда «асосли гумон қилиш» ва «ғайриахлоқий ҳаракатлар» тушунчаларига изоҳ берилмаган ва уларни қўллаш масаласини ҳал этиш, балки отельерлар ихтиёрига қолдирилган.

Айни пайтда, худди шу банднинг ўзида меҳмонхона хизматлари жисмоний шахсларнинг яшаш жойи (пропискаси), фуқаролиги, қариндошлик ёки никоҳ муносабатлари ва шахси ҳаёт ҳуқуқини чекловчи бошқа омиллардан қатъи назар тақдим этилиши шартлиги белгиланган.

Худди шундай қоида президент Шавкат Мирзиёевнинг 5 январдаги «Туризм соҳасини жадал ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида ҳам ўрин олган. Унда бу каби чекловлар қонунчиликка зид экани кўрсатиб ўтилган эди.