Фарғона вилояти прокуратураси томонидан ижтимоий тармоқда эълон қилинган «Фарғона марказидаги эски уйлар эгалари кўчмай туриб бузилмоқда» номли мақола юзасидан ўрганиш ўтказилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Аниқланишича, Фарғона шаҳар ҳокимининг 2019 йил 8 январдаги қарорига асосан Фарғона шаҳар, А.Навоий, С.Темур ва Фаробий кўчалари кесишмасида жойлашган 2 қаватли маънан эскирган айрим турар ва нотурар бино-иншоотларни бузиш, шунингдек бузилишдан бўшаган ер майдонларини шаҳар ер захира фондига қайтариш белгиланган.

Унга кўра, А.Навоий шоҳ кўчасидаги 1946−1947 йилларда қурилган
30, 32, 32А, 34, 36, 38, 38А, 40-сонли, Фаробий кўчасидаги 3, 5-сонли, С.Темур кўчасидаги 34, 36-сонли 2 қаватли жами 12 та уй Фарғона вилоят қурилиш соҳасидаги ҳудудий назорат инспекцияси, Фарғона шаҳар ёнғин хавфсизлиги бўлими, Фарғона шаҳар ДСЭНМ ва бошқа тегишли ташкилотларнинг ушбу уйларда яшаш белгиланган талабларга жавоб бермаслиги ҳақида хулосалари олинган ҳолда бузилишга тушган.

Мазкур уйларда жами 120 та хонадон мавжуд бўлиб, биринчи босқичда 8 та уйдаги 72 та хонадон Фарғона шаҳар Регистон кўчасидаги тенг қийматдаги 72 та белгиланган талабларга жавоб берадиган янги, сифатли хонадонларга кўчирилмоқда.

Кўчирилган янги уйларда алоҳида иситиш тизими, электр, газ ва сув таъминоти мавжуд. Янги уйлар пишиқ ғиштдан қурилган, хоналар тахтапол билан қопланган. 2019 йил 21 январ ҳолатига 43 та хонадон эгаси янги кўчирилган уйларда яшамоқда. Кўчирилган янги уйлар бузилишга тушган эски уйларга нисбатан кенгроқ майдондаги, яъни 2 хонали 53 кв метр бўлган эски уй ўрнига янги 3 хонали 70 кв метр бўлган уйлар ажратиб берилмоқда. Янги берилган уйларнинг яшаш майдони катта бўлганлиги боис компенсация тўловлари мавжуд эмас.

Регистон кўчасидаги кўп қаватли уйлар Фарғона шаҳрининг ҳалқа йўлида жойлашган бўлиб, шаҳар марказидан 5−6 км узоқликда жойлашган (шаҳарнинг энг чекка ҳудуди марказдан 15−17 км узоқликда жойлашган), уй ёнидаги йўлдан 6 йўналишдаги автобус қатнайди, уйдан 0,2−0,7 км узоқликда 40-сонли умумтаълим мактаби ва 62-сонли мактабгача таълим муассасаси ҳамда саноат коллежи жойлашган (ХТБ ва МТМга кўчирилган аҳоли фарзандларини хатловдан ўтказиб, янги ҳудуддаги яқин муассасаларга жойлаштириш бўйича топшириқ берилди).

Янги кўп қаватли уйларнинг 1-қаватида 3 та савдо дўкони мавжуд бўлиб, барча озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланган. Шунингдек, ҳудудда маиший хизмат кўрсатиш дўконлари ҳам мавжуд.

Бундан ташқари, мақолада кўрсатилган бузилаётган уйлар ўрни 100 миллион АҚШ доллари инвестиция киритаётган кореялик инвесторга берилаётганлиги ҳолати юзасидан бугунги кун ҳолатига расмий маълумот мавжуд эмас.

Уйи бузилишга тушган фуқароларни кўчириш ишлари қонуний олиб борилаётганлигини ўрганиш учун тегишли мутахассислар жалб қилди, натижаси бўйича қўшимча ахборот берилади.

Шунингдек, Fergana Agency манзилида рус тилида чоп этилган «Фарғона шаҳридаги кўчириш ишларининг биринчи қурбони» номли мақолада Аристов Витор вафот этганлиги қайд этилган.

Вафот этган фуқаро Аристов Виктор Александрович бўлиб, 2019 йил 18 январда соғлиғи ёмонлашганлиги сабабли РШТТЁИМФФга ётқизилиб, унга бош мия кон айланишини ўткир бузилиши ташхиси қўйилган ва кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан 2019 йил 19 январда вафот этганлиги маълум бўлди.

2014 йил 19 сениябрдаги ЖИБ Фарғона шаҳар судининг ҳукмида, В.Аристов сўроқ қилинганида ҳам у юрак касаллигига чалинганлиги ҳақида гапирганлиги қайд этилган.

Потологоанотомик текширув хулосасида унинг ўлимига бош мия қон айланишини ўткир бузилиши сабаб бўлганлиги кўрсатилган.

Фуқаро В.Аристов вафот этгунига қадар Фарғона шаҳар А.Навоий кўчаси 32-уй 7-хонадонда яшаган. Мазкур хонадон ҳам шаҳар ҳокимининг юқоридаги қарорига асосан бузилишга тушган. Уй эгалари кўчирилиши ҳақида расмий огоҳлантирилган.

Ҳокимлик томонидан у яшаётган 3 зонали 68,6 кв метр хонадон ўрнига Регистон кўчасидаги 3 хонали 70 кв метр бўлган хонадон ажратилган. Уйнинг майдони ва қиймати тенг миқдорда бўлганлиги сабабли компенсация тўлови назарда тутилмаган. Ушбу оилани кўчириш ишлари якунига етмаган.