Давлат хизматлари агентлиги маҳаллалар, турли давлат органлари фуқаролар ҳукумат қарори билан тақдим этилиши бекор қилинган ёки идоралараро электрон ҳамкорлик орқали сўраб олиниши белгиланган ҳужжатларни олиш учун Давлат хизматлари марказларига юбориш ҳолатлари учраётгани ҳақида хабар берди.

Хабарда қайд этилишича, ҳукуматнинг тегишли қарорига мувофиқ 2018 йил 15 октябрдан турли давлат органларининг давлат хизматларини кўрсатишда маҳалладан яшаш жойидан маълумотномаси, ишсизлик, бола, ёлғиз шахслар, пенсионер ва ногиронларни парвариш қилганликни тасдиқловчи ҳужжатлар, шунингдек тавсифномани талаб қилиши бекор қилинган.

Шунингдек, фуқароларга давлат хизматлари кўрсатилиши жараёнида ушбу турдаги ҳужжатларни олиш зарурияти туғилганда, Ички ишлар вазирлиги ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги органларидан мустақил равишда, шу жумладан идоралараро электрон ҳамкорлик орқали сўраб олиниши белгиланган.

Аммо, бугунги кунда ўзини-ўзи бошқариш органлари (маҳаллалар) ва давлат хизматларини кўрсатишда иштирок этувчи қатор ваколатли давлат органлари фуқароларни юқорида кўрсатилган ҳужжатларни олиш учун Давлат хизматлари марказларига юбориш ҳолатлари жуда кўп кузатилмоқда. Бу эса ўз навбатида фуқароларнинг оворагарчилиги ва норозилигига, шу билан бирга давлат органларига нисбатан салбий қарашига сабаб бўлмоқда, дея қайд этди ДХА.

Бу каби давлат органлари қаторида туман ҳокимликлари, Ички ишлар бошқармалари ва бўлимлари, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман бўлимлари, туман Давлат солиқ инспекциялари, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари, мактабгача таълим бўлимлари, халқ таълими бўлимлари, банклар ва бошқа давлат хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар тилга олинган.

Шу боис, ДХА ДХМлари «маҳалладан маълумотнома» бермаслигини расман эълон қилди. ДХМлар орқали авваллари Ички ишлар вазирлиги томонидан тақдим этилган манзил-маълумот ахборотлари берилади. Мазкур ҳужжат фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан берилган маълумотномадан тубдан фарқланади.

«Агар давлат идоралари Сиздан яшаш жойидан маълумотномани тақдим этишни талаб этишса, Давлат хизматлари агентлигининг 1148 ҳамда Адлия вазирлигининг 1008 ишонч рақамларига мурожаат этишингизни илтимос қиламиз», — дейилади хабарда.