Тошкент шаҳрида жойлашган «Aurum 898» тунги клубида 2018 йил август ойида рўй берган муштлашув оқибатида спортчи Жамшид Кенжаев вафот этгани юзасидан Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида судланувчилар Ш.Қиличов, С.Камолдинов, А.Ҳамроев ва Ж.Ёрқуловга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

— Суд жараёни 2019 йил 21 январь куни бошланган эди, — дейди Олий суд расмий вакили Азиз Обидов. — Бугун, 23 январь куни суд ўз ишини давом эттирди. Суд томонидан суд жараёни иштирокчиларининг ҳозир бўлгани текширилди, суд таркиби, томонлар эълон қилинди. Рад қилиш ҳуқуқи тушунтирилди, судланувчиларнинг шахси ва уларга айблов хулосаларининг нусхалари берилган вақт аниқланди. Иш бўйича судланувчилар ва томонларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари тушунтирилди.

Суд мажлисининг тайёргарлик қисми илтимосномалар бор-йўқлиги тўғрисидаги масалани аниқлаш билан якунланди. Сўнгра раис томонидан суд тергови бошланганлиги эълон қилинди. Давлат айбловчиси айблов хулосасини ўқиб эшиттирди.

Далилларни текшириш тартиби белгиланди. Бу жараён давомида судланувчилар, жабрланувчи, гувоҳлар ва экспертларнинг кўрсатмалари тингланади. Шунингдек, ушбу иш бўйича тўпланган бошқа далиллар текширилади.

Судланувчиларнинг кўрсатмалари тингланди. Бугунги суд мажлисида бешта гувоҳ сўроқ қилинди. Суд жараёни давом этмоқда. Суднинг кейинги мажлиси 28 январь соат 11.00 да бўлади.