Умумреспублика процессинг маркази мижозларини Uzcard бренди ишлатилган киберфирибгарлик ҳақида огоҳлантирди.

«Номаълум шахслар томонидан uzcard.uz расмий сайтимизнинг интерфейси нусхаланиб, Uzcard тўлов тизими номидан WEBSUM билан ҳамкорликда акция ташкил этилгани рўйхатга олинди», — дейилади баёнотда.

Рекламада тақдим этилган маълумотга биноан, ушбу тадбирда қатнашган иштирокчилар ўз карта рақамларини киритиб, пул миқдори ўтказиш эвазига ушбу юборилган маблағдан маълум миқдорда фоизларга эга бўлиши назарда тутилган.

«Ушбу акция Uzcard банклараро тўлов тизими томонидан ташкиллаштирилмаган. Ҳозирда компаниямиз томонидан ушбу қаллоблик ҳодисаси юзасидан тергов ишлари бошланган бўлиб, яқин кунларда унинг натижалари борасида сизларни хабардор этамиз», — дея хабар қилди компания.

Uzcard.org, uzcard.com, uzcard.info доменлари Uzcard брендига ҳеч қандай алоқаси йўқ ва норасмий ҳисобланади, дейилади хабарда.

Компания ўз мижозларини огоҳликка ва номаълум манбаларга ишонмасликка чақирди. Компанияга тегишли муҳим хабар, энг сўнгги янгилик ва акциялар ҳақида Uzcard.uz расмий сайтида эълон қилиб борилади.