Зимбабве ҳукумати 15 январь куни ёқили нархлари ошгани сабабли ўтказилаётган намойишлар манзарасида интернетга киришга чекловлар ўрнатди, дея хабар қилди Quartz Africa нашри.

Дастлаб ҳукумат Facebook ва Twitter ижтимоий тармоқлар ва WhatsApp мессенжерини блоклади, сўнгра интернетга уланишни мутлақо чеклаб қўйди.

Ҳафта охирида интернетга уланиш имконияти тақдим этилди, деб ёзади BBC, бироқ ижтимоий тармоқларга қўйилган тўсиқ олиб ташланмаган. Фойдаланувчилар ижтимоий тармоқларга кириш учун маълумотларни юқори даражада шифрлаб ўтказувчи виртуал хусусий тармоқларни (VPN) қўллашни бошлади.

Намойишлар мамлакат президенти Эммерсон Мнангагванинг нархларни икки баробар ошириш режасини маълум қилганидан сўнг бошланди. Бир литр бензин нархи 1,24 дан 3,31 долларга, дизель ёқилғиси эса 1,35 дан 3,11 долларга ўсди.

Намойишчилар автомобиль шиналарини ёқиб, йўлларда баррикадалар қурди, беш киши ҳалок бўлди, 200 нафардан зиёд киши ҳибсга олинган.

2018 йил сентябридан Ўзбекистонда ҳам Facebook, VK, Youtube`га уланишда муаммолар юзага келмоқда. Сабаблар ҳалигача номаълум (расмийлар телекоммуникация ускуналарининг янгилангани ва ICANN ном ва доменлар бўйича интернет-корпорацияси криптографик калитлари алмашгани ҳақида маълум қилди).

Орадан тўрт ой ўтиб, 15 январь куни мазкур хизматлар очилди, бироқ бир неча соат ўтиб яна кириш имконсиз бўлиб қолди.

Давлат органлари, ҳукумат аъзолари эса Facebook ижтимоий тармоғида янгиликлар ва баёнотларни эълон қилишда давом этмоқда.