Жорий йилнинг 18 январь куни Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги раҳбарияти томонидан нодавлат таълим муассасалари вакиллари билан учрашув ташкил этилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирнинг очилиш маросимида Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Ўзбекистонда давлат таълим муассасалари билан бир қаторда нодавлат таълим муассасаларининг ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилаётгани ҳақида тўхталиб ўтди. Жумладан, хусусий мактаблар ўз-ўзидан ривожланмаслиги, асосий мақсад мазкур ўқув масканларида таълим сифатини яхшилаш эканлиги борасида фикр билдирди. Қолаверса, мазкур тадбир Ўзбекистонда нодавлат таълим муассасаларининг ривожланишига тўсқинлик қилувчи муаммоларни аниқлаш учун ташкил этилганини алоҳида таъкидлади.

Статистик маълумотлар 2016 йилда Ўзбекистонда 24 та нодавлат таълим муассасаси фаолият юритган бўлса, 2018 йилга келиб уларнинг сони 84 тадан ошганидан дарак бермоқда.

Айни пайтда нодавлат таълим муассасаларининг ривожланишига тўсқинлик қилаётган муаммолар учрамоқда. Жумладан, хусусий мактаблар дарсликлар ва лицензиялар олишда ҳамда кам таъминланган оила фарзандлари учун таълимни ташкил этишда солиққа тортиш масалалари бўйича қийинчиликка дуч келмоқда.

Тадбир доирасида таълим жараёнига замонавий усулларни жорий этиш ҳамда ўқув дастурларини тасдиқлаш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Шу билан бирга нодавлат таълим муассасалари Республика таълим маркази билан биргаликда хориж давлатларининг замонавий усуллари ҳамда тажрибаси асосида ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириши мумкинлиги таъкидланди.

Учрашув сўнгида ХТВ томонидан нодавлат таълим муассасалари вакилларини мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича таклифлар тайёрлаш ва ушбу йўналишда Ўзбекистон қонунчилигини такомиллаштириш бўйича тавсиялар берилди. Шунингдек, Халқ таълими вазирлиги нодавлат таълим муассасаларини очиш ва уларга ўз лойиҳаларини амалга оширишда кўмак берувчи сармоядорлар билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.