26 январь куни республика бўйлаб умумхалқ экологик хайрия ҳашари ўтказилади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг Оролбўйидаги экологик вазиятни юмшатишга қаратилган тегишли фармойишида кўзда тутилган.

Адлия вазирлигининг расмий Telegram-каналида хабар қилинишича, хайрия ҳашарини ўтказиш доирасида маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли уйлар ва бинолар, ҳовлилар атрофи, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳлар ва қабристонлар, ариқлар, кўчалар ва йўлаклар ҳамда болалар майдончалари тартибга келтирилади.

Мазкур хайрия ҳашаридан тушган маблағлар Орол денгизининг суви қуриган майдонларида ҳимоя ўрмонларини барпо этиш, минтақада экологик ҳолатни ва аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш каби тадбирларга сарфланади.