19 январь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар марказида Тошкентдаги Инха Университети билан ҳамкорликда Startup Mix #40 конференциясининг биринчи куни бўлиб ўтди, дея хабар қилди вазирлик матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Тадбирда C.A.T. Science Accelerator илмий акселераторининг 18 та стартапи учун Speed Mentoring сессияси ўтказилди. Усмон Раҳимжонов («Стартап ташаббуслари» лойиҳа координатори), Ботир Арифжанов (Paynet асосчиси), Музаффар Аъзамов (Ўзбекистон электрон тижорат ассоциация раиси, mato.uz интернет-дўкон асосчиси), Азиз Раҳимов (IT эксперт), Вячеслав Кан (Torg.uz асосчиси), Евгений Скляревский (блогер) сингари малакали мутахассислар бизнес-моделлар, лойиҳада ҳал этилаётган муаммоларнинг муҳимлиги, шунингдек жамоалар фаолиятининг бошқа жабҳалари бўйича ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Бу лойиҳаларнинг биринчи ойлардаги фаолиятининг танқидий таҳлили бўлиб, экспертлар стартапчиларга инвесторлар олдида ўз лойиҳасини намойиш этишлари учун қимматли маслаҳатлар берди.


Конференциянинг Curiosity Machine AI Family Challenge сессиясида сунъий интеллект бўйича халқаро оилавий танловда иштирок этувчи лойиҳалар намойиш этилди. 10−15 ёшдаги болалар ҳамда уларнинг ота-оналаридан иборат жамоалар сунъий интеллект, механика ва робототехника асослари бўйича 9-ойлик курсни ўтаганлик натижаларига кўра ўз лойиҳаларини тақдим этдилар. Ҳар бир жамоа лойиҳаси ижтимоий нуқтаи назардан муҳим бўлган бирор муаммони сунъий интеллект ёрдамида тимсолий равишда ҳал қилади. Бу халқаро танлов бўлгани учун энг яхши лойиҳалар ҳам хорижий комиссия томонидан аниқланади ва улар АҚШга таклиф этилади.


Қозоғистонлик мутахассис Дина Мукашева Storrytelling бўйича сессия маҳорат дарсини ўтказиб, видео, тақдимот ва рекламада ҳикоя қилиш усулларини ўргатди. Айни пайтда Curiosity Maker Space & Maker Space Almaty (Қозоғистон) жамоасидан интерфаол маҳорат дарслари ўтказилди, унда 14 ёшдан катта ўсмирлар автоматик тизимлар ва робототехника билан шуғулланиш учун мўлжалланган Arduino ускунавий-дастурий воситаси ёрдамида платалар ва электроника билан ишладилар ва ўз оригинал белгиларини яратдилар.


Конференциянинг сўнгги сессиясида Technovation Challenge — қизлар учун энг йирик халқаро технологик танлов ҳақида маълумот берилди. Таъкидлаш жоизки, мазкур танлов Ўзбекистонда 3 йилдан бери ўтказилмоқда. Technovation Uzbekistan 2019 сессияси доирасида ташкилотчи ва ҳамкорлар ўз табрик нутқлари билан чиқдилар, танловда иштирок этиш шартлари тақдим этилди ва жамоаларни шакллантириш бўйича иштирокчи ва менторлар (мураббийлар) учун интерфаол сессия ўтказилди.

Маълумот учун: C.A.T. Science Accelerator Илғор технологиялар маркази томонидан StartupFactory компанияси (бунга қадар IT лойиҳалар устида ишлаган) ва Green Business Innovation (яшил технологиялар ва муқобил энергия манбалар соҳасида фаолият юритган консалтинг компанияси) билан ҳамкорликда ташкил этилган бўлиб, акселератор ёш олимлар ва жамоаларга ўз тажрибалари учун илмий майдон вазифасини ўтайди, мутахассислар кўмаги ва қўллаб қувватловини тақдим этиш билан бирга, лойиҳанинг минимал ишчи талқинини ишга туширишга ҳам ёрдам беради.