Давлат мактабгача таълим муассасалари қўшимча пулли хизматларни кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлди, дея хабар қилди Ўзбекистон Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz"га. Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин буйруғи билан пулли хизматларни кўрсатиш тартиблари тасдиқланди.

Буйруққа кўра Ўзбекистон давлат МТМлари қуйидаги қўшимча хизматларни кўрсатишлари мумкин: МТМларда иш куни тугагандан кейин ва якшанба кунлари болалар парвариши, уларга қараш ва ўқитиш, МТМларнинг ўқув дастурларидан ташқари спорт соғломлаштириш тўгараклари (каратэ, таэквандо, сузиш, шахмат-шашка, гимнастика ва ҳ.к), бадиий эстетик тўгараклар (хор, рақс, тасвирий санъат ва ҳ.к), фан тўгаракларини (чет тиллари, математика, мантиқ, ментал арифметика, информатика ва ҳ.к) ташкил этиш.

«Ишловчи ота -оналар фарзандларини кечқурун уйга олиб кетишга кечикаётганлиги туфайли улар томонидан МТМлар ишини узайтириш бўйича таклифлар бўлди. Аммо тарбиячиларни соат 18:00дан кейин ишда олиб қолиш меҳнат қонунчилиги нормаларининг қўпол бузилиши ҳисобланади. Пуллик хизматларнинг жорий этилиши, бу — нафақат МТМ иш жадвалини ота-оналар учун қулай қилиш, балки ходимларга ортиқча иш учун ҳақ тўлаш ва қўшимча мутахассисларни жалб қилиш имкониятини яратади», — дейди вазирликнинг молиявий-иқтисодий ривожланишни режалаштириш бошқармаси бошлиғи Шерзод Пардаев.

Хизмат турлари ва нархлар МТМ кузатув кенгаши томонидан кўриб чиқилади ҳамда мудира ва МТ ҳудудий бўлими томонидан тасдиқланади.

Қўшимча хизматлар гуруҳига қабул ота-оналарнинг аризалари асосида амалга оширилади. Ушбу гуруҳларда болалар сони 25тадан ошмаслиги лозим. Хизматлар ота -оналар хоҳишига кўра улардан бири ва МТМ ўртасидаги шартнома асосида тақдим этилади.

Қўшимча хизматлар кўрсатишнижалб этилган мутахассислар ёки МТМ ходимлари ишдан ташқари фаолият ҳақидаги келишув асосида амалга оширадилар.Аммо кейинги ходимлар фаолияти ўқув дастурига халақит бермаслиги керак.

Бундай фаолиятдан олинган маблағларнинг 80 фоизи МТМ моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда МТМ ходимларини рағбатлантиришга йўналтирилади.