Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Осиё Кубоги-2019 1/8 финалида пенальтилар сериясида Австралиядан мағлубиятга учради. Душанба куни Ал-Айн амирлигидаги шайх Халифа халқаро стадионида бўлиб ўтган учрашув 4:2 (0:0) ҳисобида якунланди.Миллий терма жамоа бош мураббийи Эктор Купер бошланғич таркибга тўртта ўзгартиш киритди. Ҳимоячилар Фарруҳ Сайфиев ва Егор Кримец ўрнига биринчи дақиқадан майдонга Олег Зотеев ва Анзур Исмоилов, ярим ҳимоячилар Икром Алибоев ва Фозил Мусаев ўрнига эса Жалолиддин Машарипов ва Одил Аҳмедов тушди.

Биринчи таймда Ўзбекистон футболчилари фаолроқ ва ўткирроқ ўйин кўрсатди. Тўпга эгалик бўйича қарийб тенг натижа қайд этилган бўлса ҳам, Эктор Купер шогирдлари рақиб дарвозасига беш маротаба зарба йўллади.

Ҳужумчи Элдор Шомуродов бош билан гол киритиш учун ажойиб имкониятга эга бўлди, бироқ у дарвозабон Мэтью Райан орқали тўпни ошира олмади.

Иккинчи таймда Австралия босимни оширди ва Игнатий Нестеров дарвозаси олдида бир неча қулай имкониятларга эга бўлди. Бироқ зарбалар голга айланмади.

Қолган вақтда жамоалар ҳисобни очолмади ва қўшимча таймлар белгиланди. Биринчи 15 дақиқада Игнатий Нестеров бир нечта ажойиб сейвларни амалга оширди.

Пенальтилар сериясида ҳисоб 4:2 кўринишини олди ва Австралия ғалаба қозонди.

Чорак финалда Австралия БАА — Қирғизистон ўйини ғолиби билан ўйнайди.

Бошланғич таркиблар

Ўзбекистон (4−3−2−1): Игнатий Нестеров — Олег Зотеев, Анзур Исмоилов, Ислом Тўхтахўжаев, Даврон Хошимов — Жавоҳир Сиддиқов, Одил Аҳмедов, Отабек Шукуров — Жалолиддин Машарипов, Достонбек Ҳамдамов — Элдор Шомуродов.

Австралия (4−3−3): Мэтью Райан — Азиз Бехич, Трент Сейнсбери, Милош Дегенек, Райан Грант — Жексон Ирвин, Том Рогич, Марк Миллиган — Крис Оикономидис, Жейми Макларен, Авер Мабил.