Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органларининг 220 нафардан зиёд ходимлари ҳар куни жойларга чиққан ҳолда умумбелгиланган солиқ тўлови тизимига ўтаётган корхоналар раҳбар ва бош ҳисобчилари билан мулоқот ўтказмоқда, дея хабар қилди ДСБ матбуот хизмати «Газета.uz"га. Мулоқотлар даврида тадбиркорлар муаммолари ўрганилиб, амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Хусусан, Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси раҳбари Нормат Турсунов, Тошкент шаҳар прокурори ўринбосари Алиакбар Пўлатов пойтахтнинг Юнусобод туманида фаолият юритаётган «Almerro Group» МЧЖга қарашли ишлаб чиқариш корхонасида бўлиб, солиқ қонунчилигига киритилган ўзгаришлар мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот берди.

Юзма-юз мулоқот жараёнида корхона раҳбари ҳамда ҳисобчисига қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш, тўлаш ҳамда ҳисоботларни топшириш тартиблари таққослама жадваллар асосида тушунтирилди.

Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари томонидан 2019 йилдан солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартириш ҳамда қўшимчалар мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш бўйича 92 та семинар-тренинг ўтказилиб, унда 10 минг нафардан зиёд тадбиркорлик субъекти қатнашди.

Семинарларда солиқ тўловчилардан тушган 2689 та саволга батафсил жавоблар берилди. Бундан ташқари, тарғибот тадбирлари давомида солиқ тўловчилар учун солиқ қонунчилигидаги янгиликларни акс эттирувчи 50 дан ортиқ плакатлар, 10 дан ортиқ видеоролик ва слайдлар тайёрланди. Шунингдек, 10 мингдан ортиқ буклет ва DVD дисклар тадбир иштирокчиларига тарқатилди.

Солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиришларни солиқ тўловчиларга тушунтириш ҳамда қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида ҳар бир туман давлат солиқ инспекциясининг «Теlegram» канали очилиб, унга аъзо бўлган 5 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари вакилларининг 1397 та саволига аниқ ва тезкор жавоблар берилди.