Ўзбекистонда мавжуд 10 мингга яқин мактабларнинг энг яхшилари рейтинги аниқланади. Рейтинг натижалари 1 февралгача эълон қилиниши мўлжалланган. Бу ҳақда ХТВ матбуот хизмати хабар берди.

Рейтингни аниқлаш 2 босқичда амалга оширилади.

Биринчи босқичда республикадан рейтингда иштирок этадиган 28 та туманлар ва шаҳарлар аниқланади. Бунда 14 та ҳудуднинг марказ шаҳарлари танланади. Унга қўшимча равишда ҳар бир ҳудуддан бир донадан туман қуръа ташлаш йўли билан аниқланиб олинади. Демак республика бўйича 28 та туман, шаҳар рейтингни аниқлашда иштирок этади.

Иккинчи босқичда қуйидаги 4 та рейтинг индикатори бўйича танланган туман, шаҳарлардаги мактаблар фаолияти ўрганилади:

— 11-синф битирувчиларининг умумтаълим фанлари бўйича таълим тайёргарлик даражаси ва сифати кўрсаткичи;

— 9-синф ўқувчиларининг билим даражаси кўрсаткичи;

— Олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар улуши;

— Ўқувчилар ва педагоглар билан ўтказиладиган ижтимоий сўров натижалари.

Рейтингда умумтаълим муассасалари 9-синф битирувчиларининг билим даражаси PISA (Programme for International Student Assessment) ва TIMSS (Trends in International Mathematics and Science Study) — ўқувчилар билимини халқаро баҳолаш дастури талаблари доирасидаги саволлар асосида баҳоланади.

Умумтаълим муассасасида ўтказиладиган ижтимоий сўровлар назорат ишлари бошланишидан олдин ташкил этилади ва қуйидаги икки усулда амалга оширилади: биринчи усул, битирувчи синфлар ўқувчилари билан педагог ва раҳбар ходимлар фаолияти тўғрисида ижтимоий сўров ўтказилади. Бунда таълим муассасасидаги ижтимоий-маънавий муҳит ва ўқитувчиларнинг дарс бериш маҳорати ҳақида ўқувчилар фикри ўрганилади. Иккинчи усул, педагогик жамоа билан TALIS (Teaching and Learning International Survey) — таълим бериш ва ўқитиш тизимининг халқаро тадқиқотига асосланган ижтимоий сўров ўтказилади. Бунда мактабларда ўқитувчилар учун яратилган шароитлар ва у ердаги ўқув муҳитининг аҳволи ҳақида ўқитувчилар фикри ўрганилади.

Умумтаълим муассасалари рейтингини тузиш мақсадида Давлат инспекцияси Халқ таълими вазирлиги билан келишган ҳолда рейтингни аниқлашга оид маълумотлар базасини шакллантириш, умумтаълим муассасаларида назорат ишлари ва ижтимоий сўровларни ўтказиш бўйича мувофиқлаштирувчи комиссия тузилади.

Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда умумтаълим муассасалари рейтингини аниқлашга оид маълумотлар базасини шакллантириш, назорат ишлари ва ижтимоий сўровларни ўтказиш бўйича Давлат инспекциясининг ҳудудий бўлимлари ҳамда Халқ таълими вазирлигининг ҳудудий бошқармалари ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилади. Комиссия ҳамда ишчи гуруҳ таркиблари Давлат инспекцияси буйруғи билан тасдиқланади.

Рейтингда қатнашадиган туман, шаҳарлар умумтаълим муассасалари рўйхати комиссия томонидан белгиланиб, жорий йилнинг 1 февралигача эълон қилинади.