Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг болалар кардиожарроҳлик бўлимида куни кеча сунъий қон айлантириш ускунаси ёрдамида тўхтатилган юракда ўн нафар беморда очиқ жарроҳлик амалиёти бажарилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Бўлмачалараро тўсиқ нуқсони ва қоринчалараро тўсиқ нуқсони бўлган икки турдаги юрак пороги операцияси муваффақиятли ўтди. Телетиббиёт имкониятларидан фойдаланиб ўтказилган операцияни россиялик мутахассислар кузатиб борди.

Яқин кунларда бўлимда яна ўнлаб бемор болаларда шундай ноёб жарроҳлик амалиётини ўтказиш, жорий йил мобайнида эса яна 300 нафардан зиёд бемор болага шундай юқори технологияли тиббий ёрдам кўрсатиш режалаштирилган.