Сурхондарё вилоятида 396 нафар жисмоний шахснинг 2 млрд. 66 млн. сўмлик солиқ қарздорлиги ҳисобдан чиқарилди. Бу ҳақда Сурхондарё вилоят давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Анвар Алмардонов «Газета.uz"га маълум қилди.

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 27 июлдаги «Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига кўра 2018 йилда Сурхондарё вилоятидаги 396 нафар жисмоний шахсларнинг 2 млрд. 66 млн. сўмлик солиқ қарздорлиги ҳисобдан чиқарилди.

Фармонга кўра, 2018 йил 1 апрелга қадар якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахслар, 2018 йил 1 апрелдан молиявий-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган (шу жумладан, фаолиятини вақтинча тўхтатган) якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланганлиги учун бир йиллик қатъий белгиланган солиқ суммаси ҳисобланган жисмоний шахслар 2019 йилнинг 1 январига қадар бўлган муддатда тадбиркорлик фаолиятини тиклаган ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳолларда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширса, уларнинг мавжуд бўлган қатъий белгиланган солиқ ва ушбу қарздорлик учун ҳисобланган пенялар бўйича қарздорлиги, шунингдек, молиявий жарималар ва суд харажатлари (суд чиқимлари бундан мустасно) бўйича ҳисобланган қарздорликлари ҳисобдан чиқарилиши белгиланган эди.

Президентнинг 2018 йил 26 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси президентининг айрим фармонларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида"ги фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 27 июлдаги фармони 1-бандининг тўртинчи хатбошидаги «январга» сўзи «июлга» сўзи билан алмаштирилди. Яъни қарздорликни ҳисобдан чиқариш муддати 2019 йилнинг 1 июлига қадар узайтирилди.

Мазкур ўзгартишга мувофиқ Сурхондарё вилоятидаги 1600 нафар жисмоний шахслар тадбикорлик фаолиятини қайта тиклаб, 1 млрд. 199 млн. 470 минг сўмлик солиқ қарздорлигини ҳисобдан чиқариш имкониятига эга бўлдилар.

Январь ойининг ўтган 15 куни мобайнида вилоят бўйича 8 нафар жисмоний шахслар тадбиркорлик фаолиятини тиклаб, 18.3 млн. сўмлик солиқ қарздорликларини ҳисобдан чиқардилар.