2018 йил мобайнида иқтисодий судлар томонидан 403344 та иш кўриб чиқилиб, ҳал этилди, дея хабар қилди Ўзбекистон Олий суди расмий вакили Азиз Обидов «Газета.uz"га. Шунда даъвогарлар фойдасига 12,6 трлн сўм ундириш ҳақида суд қарорлари қабул қилинган. Кўрилган ишлар сони 2017 йилга нисбатан 16 фоизга ошган.

Ўтган даврда энг кўп ишлар Жиззах, Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд ва Тошкент шаҳар иқтисодий судлари томонидан кўриб, ҳал этилган.

Тарафларга қулайликлар яратиш ҳамда суд таъсирчанлигини ошириш мақсадида низо тартибида кўрилган ишларнинг салмоқли қисми, яъни 264087 таси бевосита жойларда, яъни сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган.

Иқтисодий судлар томонидан ҳал этилган ишларнинг 3195 таси видеоконференцалоқа режимида кўриб чиқилган бўлиб, натижада тарафларнинг 1,9 млрд сўм миқдоридаги маблағлари тежаб қолинди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишга оид 42478 та иқтисодий иш кўриб чиқилди ҳамда улар фойдасига 1 трлн сўм миқдорида маблағ ундириб берилди.

Ҳисобот даврида иқтисодий судларда кўрилган ишларнинг асосий қисмини маҳсулот етказиб бериш, контрактация, кредит, олди-сотди ва ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаларидан келиб чиқадиган низолар бўйича ишлар ташкил этди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан назорат тартибида 368 та шикоят ва протест кўриб чиқилди. Қуйи судлар томонидан чиқарилган 224 та қарор бекор қилинди ва 66 та суд қарори ўзгартирилди.