«Ўзбекгидроэнерг» устав капиталидаги давлат улуши «Рақамли ишонч» иқтисодиётни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ўтказилади, дейилади Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 15 январдаги қарорида.

Мақсад — «Ўзбекэнерго» бошқарув тизимига корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этиш, шунингдек гидроэнергетикага хорижий инвестицияларни жалб этиш йўли билан корхоналар ва аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондиришдан иборат.

Жамғарма компания устав капиталида давлат номидан акционер бўлади, бироқ соф фойдани тақсимлаш, компанияни қайта ташкил этиш ёки тугатиш каби масалаларда Давлат активларини бошқариш агентлиги билан келишиб иш тутади.

«Рақамли ишонч» жамғармаси рақамли иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор йўналишларида инвестицион, молиявий ва бошқа ресурсларни консолидация қилиш (бирлаштириш) мақсадида ташкил этилган эди.

Ўтган йилнинг июлида президент қарори билан «Ўзбекэнерго» ва «Ўзбекгидроэнерго» компанияларига рақамли иқтисодиёт элементлари ва криптоактивлар фаолияти (жумладан майнинг) базасида синов лойиҳасини амалга ошириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш топширилган эди.

Маълумотнома. «Ўзбекгидро» таркибида 37 та гидроэлектр станцияси мавжуд бўлиб, мамлакатдаги электр энергиясининг 10 фоизга яқинини ишлаб чиқаради. ГЭСларнинг умумий қуввати 1854 МВт ва ёғингарчиликлар даражасига қараб 6,5 млрд кВт-с.гача электр энергияси ҳосил қилади.

Ўзбекистондаги электр энергиясининг 80 фоизи эса табиий газ ҳисобига ишлаб чиқарилади.