Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Русланбек Давлетов Корея Республикаси Адлия вазири Пак Санг Ги билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Корея Республикаси делегацияси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг адлия соҳасидаги кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида фаолияти билан танишиш, тажриба алмашиш мақсадида ташриф буюрди.

Томонлар ҳамкорликни яна ривожлантириш, хусусан, коррупцияга қарши кураш, қонун ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва экспертиза қилиш, кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш, хусусан, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва инвестиция иқлимини яхшилаш, юридик хизматлар сифати ва тезкорлигини ошириш соҳасидаги масалаларни муҳокама қилди.

2017 йилнинг 23 ноябрдаги икки мамлакат Адлия вазирликлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумга мувофиқ қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди. Бу эса Ўзбекистонда очилган Жанубий Кореянинг етакчи юридик компаниялари ваколатхоналари инвесторлар ҳуқуқини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, шартнома-ҳуқуқий база сифатини оширишга имкон беради.

Ўзбекистон Адлия вазири жанубий кореялик ҳамкасбларини Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегияси доирасида, хусусан, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар тўғрисида хабардор қилди. Бу йўналиш фуқаролар, тадбиркорлар, хусусан, хорижий инвесторларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш, жиноятчиликка қарши кураш ва ҳуқуқбузарликларнинг, айниқса давлат ҳокимиятининг барча даражасидаги коррупциянинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларнинг самарасини ошириш, шунингдек, юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга йўналтирилгани таъкидланди.

Корея Республикаси делегацияси инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қонунчиликни ишлаб чиқиш соҳасида Ўзбекистон билан ўзаро ҳамкорлигини кенгайтиришдан манфаатдорлигини билдирди.

Очиқ ва конструктив мулоқот доирасида Корея Республикаси Адлия вазири Пак Санг Ги Ўзбекистон адлия органлари ва муассасалари фаолиятидаги ижобий ўзгаришларни юқори баҳолади ва уларни халққа яқинлашиш, фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга имкон беришини айтиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз: Адлия вазири бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ўтган йилнинг 26−30 ноябрь кунлари Корея Республикасига ишчи ташрифи доирасида Корея Республикаси Адлия вазирлигидаги учрашуви доирасида ҳамкасбларига Ўзбекистонга ташриф буюришни таклиф қилган эди.