2019 йил 11 январ куни академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари бошқарув, техник, хизмат кўрсатувчи ва ўқув-ёрдамчи ходимларининг намунавий штатлари тасдиқланди. Бу ҳақда Norma.uz хабар берди.

Энди ҳар бир лицей ва коллежда директорнинг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари ва бош бухгалтер бўлади. Илгари директорнинг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари лавозими ўқувчилар сони 300 нафар ва ундан кам бўлганда доимий асосда жорий этилмас эди. Бош бухгалтернинг доимий позицияси эса ўқувчилар сони 150 нафардан ошмаса мавжуд бўлмас эди.

Чет тили чуқурлаштирилиб ўқитиладиган академик лицейларда директор ўринбосари илгаригидек 0,5 ставка бўйича эмас, балки «тўлиқ» ставка бўйича ишлайди.

Бўлим мудирлари лавозимини киритиш учун меъёр 150 нафар ўқувчига 1 бирликдан 100 нафар ўқувчига 1 бирликкача камайтирилди.

Психологлар кўпроқ бўлади. Уларнинг сони ўқувчилар сонига ҳам боғлиқ бўлади:

250 нафаргача — 1 бирлик;

250 нафардан 800 нафаргача — 1,5 бирлик;

800 нафардан 1600 нафаргача — 2 бирлик;

1600 нафардан 3000 нафаргача — 2,5 бирлик;

3000 нафар ва ундан ортиқ бўлса — 3 бирлик.

Шунингдек, ҳар бир коллеж ва лицей ўқувчилар сонидан қатъи назар ахборот-кутубхона технологияси бўйича етакчи мутахассис, ўқув бўлими услубчиси, кадрлар бўйича инспектор, комендант ва омборчи лавозимларига эга бўлади (позицияга боғлиқ ҳолда 0,5 ва 1 бирлик).

Хўжалик мудирлари (директорнинг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари лавозими киритилиши муносабати билан), шунингдек ахборот-ресурс марказлари 1-тоифали муҳандис-дастурчилари қисқартиришга тушди.