Хорижга чиқиш паспортини расмийлаштиришда қоғоз ва электрон форматдаги ҳужжатларнинг баробар тақдим этилиши маълумотларни қўшимча равишда текшириш учун зарур. Бу ҳақда сешанба куни Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Давлат персоналлаштириш маркази (ДПМ) раҳбари Нажмиддин Тўрахўжаев маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, хорижга чиқиш паспортини бериш тизими ҳозирча «созлаш» режимида ишламоқда. Хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш ишлари январдан бошланди.

Тизимнинг синов режимида ишлаши «нотўғри» паспорт берилиши мумкинлигини англатмайди. «Барчаси халқаро талабларга мос келади. Маълумотларни йиғиш билан боғлиқ маълумотларни қайта ишлаш жараёни мавжуд», — деди у.

Нажмиддин Тўрахўжаев маълумотларни йиғиш пунктларида ҳам биометрик маълумотлар олиниши, жумладан электрон фотосуратга олиниши, ҳам қоғоз кўринишидаги маълумотларни қабул қилинишини тан олди.

«Вақт ўтиши билан қоғоз ишларидан воз кечамиз… Сино даврида биз бу маълумотларни қўшимча текширувдан ўтказиш механизмини сақлаб қолдик», — деди у.

ДПМ раҳбари сўзларига кўра, синов даври икки-уч ой давом этади. Бироқ қоғозбозликдан фақатгина норматив-ҳуқуқий база янгиланганидан кейин воз кечиш мумкин. Тўлиқ электрон форматга ўтишнинг аниқ муддатлари айтилмади, бироқ бу яқин келажакда бўлишига ишонч билдирилди.

«Электрон форматга тўлиқ ўтилганидан сўнг фуқаро биографик маълумотларни ўз уйида расмийлаштириб, маълумотлар йиғиш пунктларида фақатгина бармоқ изи топшириб, фотосуратга тушиш учун келади», — деди у.