Бугун Халқаро пресс-клубда «Ўзбекистонда хотин-қизлар ва оила муаммолари: ижтимоий ёрдам, ишонч ва мақсадли ечимлар» мавзуида навбатдаги сессия бўлиб ўтди. Жонли эфир орқали узатилган мазкур сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева журналистларни қизиқтирган барча саволларга жавоб берди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирда аёлларнинг жамиятда тутган ўрни, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун яратилган имкониятлар, аёллар ўртасидаги жиноятчилик, аёлларга нисбатан зўравонлик (Оқдарё ва Каттақўрғон туманларидаги воқеалар мисолида), ажрим каби муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Mover.uz тармоғига zarnewsuz аккаунти томонидан юкланган видеода Танзила Норбоеванинг ушбу мавзуда айтган сўзлари келтириб ўтилган.

«Оқдарёдаги аёл кишига зўравонлик қилиш ҳолати юртимизда биринчи марта бўлаётгани йўқ. Мен ўзим Оқдарёга бориб келдим. Ушбу иш юзасидан ҳукм чиқарилган пайтда ҳали видео тарқамаган экан. Видео пайдо бўлганидан сўнг бош прокурор назоратида қайтадан тергов ҳаракатлари бошланган. Ҳозирда бу жараён давом этмоқда. Аёлми, эркакми, кимнингдир шаънига тажовуз қилинса, қонуний чора кўрилади.

Биз аёлнинг ҳолатини ўргандик. Таъкидлаш ўринли, бу аёлга илгари ҳам иш таклиф қилинган. Аммо шароити бўлмагани сабабли ишламаган ва фермер хўжалигида мавсумий ишларни бажариб юрган. Айни пайтда унга касаначилик билан шуғулланишига шароит яратиб берилди. Унинг фарзандларини мактабгача таълим муассасаларига бериш, ўзини жамиятнинг фаол аъзосига айлантириш бўйича иш олиб бордик ва унинг ўзи бунга рози бўлди", — дейди Хотин-қизлар қўмитаси раиси.