«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан «Метровагонмаш» АЖ (Россия) билан ўтказилган тўғридан-тўғри музокаралар натижасида тўрт вагонли таркибдаги иккита моторли бош вагон, битта оралиқ моторли ва битта оралиқ моторсиз вагондан иборат бешта состав харид қилиш тўғрисидаги Меморандум аҳдлашувига эришилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Битимни молиялаштириш манбалари, шунингдек, Россия вагонлари ва ускуналарини транспортда ташиш шартлари regulation.gov.uz. меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини муҳокама қилиш порталида кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган президент Шавкат Мирзиёевнинг «Тошкент метрополитенининг ер устки линияси учун ҳаракатдаги состав вагонларини харид қилиш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори лойиҳасида баён қилинган.

Хусусан, қарор лойиҳасига мувофиқ, лойиҳани инвестициялаш даврида молиявий харажатлар тўловига йўналтириладиган Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети маблағлари, Ўзбекистон Республикаси реконструкция ва ривожлантириш жамғармаси кредити, шунингдек, Россия Федерациясининг Тараққиёт ва ташқи иқтисодий фаолият банки кредитлари ҳисобидан амалга оширилади.

Унда жалб этилаётган кредитларни қайтариш, фоизларни тўлаш, комиссия ва улар билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши кўзда тутилган.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ буюртмалари асосида мазкур лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи хорижий мутахассисларга кириш визаларини консуллик ва бошқа йиғимларни ундирмасдан расмийлаштирилишини таъминлайди. Бундан ташқари, акциядорлик жамияти 2019 йил 1 мартгача бўлган муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ўрнатилган тартибда «Тошкент метрополитенининг ер устки линияси учун ҳаракатдаги состав вагонларини харид қилиш» лойиҳасининг техник-иқтисодий ҳисоб-китобини тасдиқлаш учун киритади.