Адлия вазирлигида Умумий ўрта таълим муассасасининг кузатув кенгаши ҳақидаги намунавий низом давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда вазирликнинг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Низомга мувофиқ, таълим жараёнининг шаффофлигини таъминлаш, жамоатчилик таъсирини кучайтириш, ўқувчиларнинг сифатли таълим олишлари, уларга тегишли шарт-шароитлар яратиш ҳамда таълим-тарбия жараёнларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар бир таълим муассасасида rенгаш ташкил этилади.

Таълим муассасасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш, шунингдек тавсия этилган номзодлар таркибидан таълим муассасаси раҳбарини сайлаш кенгашнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.

Таълим муассасаси директори ёки унинг ўринбосарлари, шунингдек, уларнинг яқин қариндошлари кенгаш аъзолари сифатида сайланишига йўл қўйилмайди.

Таълим муассасаси раҳбари кенгаш ишини ташкил қилиш учун масъул ҳисобланади

Кенгаш йиғилишлари ўтказилганлиги ҳақида баённомалар йиғилиш ўтказилган кундан бошлаб 3 кундан кечиктирмай тегишлича Халқ таълими вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бошқармаларига тақдим этилиши лозим.

Кенгаш фаолиятига туман (шаҳар) халқ таълими бўлими аралашмайди ва унга ҳисобдор эмас.

Кенгаш қуйидаги ваколатларга эга:

Таълим муассасаси директори лавозимига тавсия этилган номзодларнинг меҳнат фаолияти, хулқ-атвори, тажрибаси, ташаббускорлиги ҳамда жамоадаги обрўсини ўрганади ва тавсия этилган номзодлар орасидан энг муносиб номзодни очиқ овоз бериш йўли билан директор лавозимига сайлайди;

Кенгаш аъзолари томонидан номзодга қарши овоз берилган тақдирда, уни директорлик лавозимига тайинлашни рад этиш ҳақида номзодни тавсия этган Халқ таълими вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармаларига маълум қилади;

таълим муассасаси директори ва директор ўринбосарларининг бошқарув фаолияти, таълим-тарбия жараёнини сифатли ташкил этилиши ҳамда ўқувчилар, уларнинг ота-оналаридан ноқонуний пул йиғимлари ундирилмаслиги бўйича жамоатчилик назоратини ўрнатади.

Кенгаш фаолиятига таълим муассасаси раҳбари, ҳудудий бошқармалар, маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа ташкилотлар аралашувига йўл қўйилмайди.