15 январь куни Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида жаҳон чемпионатлаоида совриндор бўлган спортчиларимиз ҳамда уларнинг тренерларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Эслатиш ўринли, олимпия ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари бўйича 2018 йилда ўтказилган жаҳон чемпионатларида совринли ўринларни эгаллаган бир гуруҳ спортчилар ва уларнинг тренерларини ҳар бирига бир марталик пул мукофоти ажратиш бўйича Ўзбекистон Республикаси президенти ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойишлари қабул қилинган эди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси президентининг маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, спортчилар, мураббийлар, спорт жамоатчилиги ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Дастлаб Абдужаббор Абдувоҳидов Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан 2019 йил 3 январь куни имзоланган «Жаҳон чемпионатида юқори натижаларга эришган спортчиларни тақдирлаш тўғрисида"ги фармойишни ўқиб эшиттирди.

Фармойишга кўра, жаҳон чемпионатининг олтин медали соҳиблари 12000, кумуш медаль совриндорлари 6000, бронза медалига эга чиққан спортчилар эса 3000 АҚШ доллари миқдоридаги мукофот пули билан бирма-бир тақдирланишди. Ўз навбатида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойишига асосан шогирди чемпион бўлган мураббийга 6000, вице-чемпионларни етиштириб чиқарган мураббийларга 3000 ва шогирди бронза медалга эга чиққан мураббийларига эса 1500 АҚШ доллари миқдоридаги мукофот пули топширилди.

Шунингдек, тадбирда 1−10 ноябрь кунлари катталар ўртасида Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида 102 килограммгача вазн тоифасида даст кўтаришда жаҳон рекордини янгилаб, олтин медаль билан тақдирланган, ёшлар ўртасида жаҳон ва Осиё чемпионатларида мувафаққият қозонган, 2018 йилда «Йилнинг энг яхши спортчиси» Ўзбекистон Миллий кубоги соҳиби деб топилган Акбар Жўраевга белгиланган намунадаги гувоҳнома ҳамда 10 000 (ўн минг) АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағи билан тақдирланди.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари оғир атлетикачи Акбар Жўраев, юнон-рум курашчиси Элмурат Тасмурадов, оғир атлетика бўйича мураббий Фарҳод Мирзажанов сўзга чиқишди.

Маълумот учун, олимпия ўйинлари дастурига киритилган юнон-рум кураши ва эркин кураш спорт турлари бўйича 2018 йилнинг 20−28 октябр кунлари Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида Элмурат Тасмуратов -63 кг вазн тоифасида кумуш медални ва Бекзод Абдураҳмонов -74 кг вазн тоифасида бронза медалини қўлга киритган эди.

2018 йилнинг 1−10 ноябрь кунлари Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида ўтказилган оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионатида эса Акбар Жўраев (-102 кг) олтин, Достон Ёқубов (-67 кг) кумуш, Руслан Нурудинов (-109 кг) бронза ва Рустам Жангабаев (-109 кг) иккита бронза (силтаб кўтариш ва икки кураш баҳсларида) медалига сазовор бўлган эди.