Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модининг таклифига биноан «ЖўшқинГужарат — 2019» IX халқаро инвестиция саммитида иштирок этиш учун 17−18 январь кунлари ушбу мамлакатда амалий ташриф билан бўлади, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Шавкат Мирзиёев саммит ялпи сессиясида нутқ сўзлайди, шунингдек, Ўзбекистон — Ҳиндистон ҳамкорлиги, халқаро ва минтақавий сиёсат масалаларини муҳокама қилиш учун Бош вазир Нарендра Моди билан музокара ўтказади.

Бош вазир Нарендра Моди ташаббуси билан 2003 йилдан буён Гандинагар шаҳрида ўтказиб келинаётган «Жўшқин Гужарат» саммити минтақадаги энг йирик халқаро форум ҳисобланади. Унда давлат ва ҳукумат раҳбарлари, вазирлар, халқаро ташкилот ва трансмиллий корпорациялар раҳбарлари, етакчи таҳлилчилар, экспертлар иштирок этади.

Анъанага кўра, глобал иқтисодиётни ривожлантириш, савдо соҳасидаги шерикликни кенгайтириш, инвестициялар жалб қилиш, илғор технологиялар ва билимлар алмашишга доир долзарб масалалар форум иштирокчилари диққат марказида бўлади.

Президенти 20−22 январь кунлари расмий ташриф билан Германияда бўлади.

Берлинда федерал президент Франк-Вальтер Штайнмайер, федерал канцлер Ангела Меркель ва Бундестаг Раиси Вольфганг Шойбле билан музокаралар ўтказилади.

Кун тартибидан сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш, маданий-гуманитар, фан-таълим ва туризм соҳаларидаги алоқаларни фаоллаштириш каби масалалар ўрин олган.

Шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилади.

Мюнхен шаҳрида Ўзбекистон Президентининг Бавария Бош вазири Маркус Зёдер, шунингдек, Германиянинг етакчи ишбилармон ва молиявий доиралари вакиллари билан учрашувлар ўтказиши режалаштирилган.

Ташриф доирасида иқтисодиёт, молия, инвестиция, инновация, илм-фан, техника, таълим ва маданият соҳаларида ҳамкорликка оид икки томонлама қатор ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.