«Давлат активларини бошқариш, монополияга қарши курашишни тартибга солиш тизимини ва капитал бозорини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент фармони қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Фармон билан қуйидагилар ташкил этилди:

Давлат активларини бошқариш агентлиги;

Монополияга қарши курашиш қўмитаси;

Капитал бозорни ривожлантириш агентлиги;

Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармаси.

Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази Савдо-саноат палатасига берилди.

Тугатилаётган Давлат рақобат қўмитасининг қуйидаги функциялари:

бўш турган объектларнинг ишлаб чиқариш фаолияти самарадорлигини ошириш функцияси — Давлат солиқ қўмитаси ва Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасига;

бўш турган объектларнинг ишлаб чиқариш фаолиятини тиклашга қаратилган инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича идоралараро комиссияларнинг ишчи органи сифатидаги функцияси — Инвестициялар бўйича давлат қўмитасига ўтказилди.

Фармонга мувофиқ, давлат улушларини босқичма-босқич қисқартириш, самарали ва шаффоф хусусийлаштиришни таъминлаш давлат сиёсатининг асосий йўналиши этиб белгиланди.

давлат активларини самарали бошқариш бўйича ягона давлат сиёсатини юритиш — Давлат активларини бошқариш агентлигининг;

товар ва молия бозорларида рақобат муҳитини таъминлаш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш — Монополияга қарши курашиш қўмитасининг;

қимматли қоғозлар бозорини шакллантириш, ривожлантириш, тартибга солиш ва корпоратив бошқарув соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш — Капитал бозорни ривожлантириш агентлигининг асосий вазифалари ҳисобланади.