2018 йил декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг Ҳуқуқий назорат Хизмати ходимлари томонидан Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманидаги 31-мактабнинг педагог ходимларини обунага мажбурланаётганлик ҳолати бўйича ўрганиш ишлари амалга оширилди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ўрганиш жараёнида мактаб директори таълим муассасасида фаолият олиб бораётган ўқитувчиларга декабрь ойидаги маошлари ҳисобидан 200 минг сўмдан, шунингдек, синф раҳбарларидан эса белгиланган 200 минг сўмдан ташқари яна қўшимча 300 минг сўмдан (керак бўлса ота-оналардан йиғиб) газета ва журналларга мажбурий обуна бўлишларини бир неча бор таъкидлаганлиги аниқланди. Лекин ойлик иш ҳақи берилмаганлиги сабабли обунага пул йиғилмагани, директор томонидан ҳақиқатан ҳам обунага мажбурлаш содир этилгани маълум бўлди.

Текширув жараёнида мутасаддилар томонидан мактаб раҳбари ҳамда жамоага мажбурий обуна учун пул йиғиш ноқонуний эканлиги ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилди. Шунингдек, 31-сонли мактаб директорига ўқитувчиларни обунага мажбурлагани учун меҳнат қонунчилигига кўра чора кўрилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 17 июль куни ўтказилган умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда ўқитувчиларнинг турли назорат органлари томонидан текширувини чеклаш, ободонлаштириш ишларига ўқитувчиларни жалб қилиш, турли йиғилишларда иштирок этиш, обуна кампанияси ва ўзларининг ваколатлари доирасида бўлмаган бошқа ишларга жалб қилишни тақиқлаш зарурлиги таъкидланган.