Ўзбекистон фуқароси паспорти ўрнини эгаллаши лозим бўлган идентификация карталарини (ID-карталар) жорий этиш 2021 йилдан бошланади, дея хабар қилди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази директори Нажмиддин Тўрахўжаев.

Президентнинг 2018 йил 18 апрелдаги қарорида Тошкентда 1 ноябрдан синов режимида ID-карталарни жорий этишни бошлаш режалаштирилган эди, бироқ бу муддатга ўзгартириш киритилди.

Нажмиддин Тўрахўжаев давлат раҳбарининг 26 декабрдаги қарорига (ҳужжат очиқ манбаларда йўқ) кўра, ID-карталар 2021 йилдан, эҳтимол эртароқ босқичма-босқич жорий этилишини маълум қилди. Бунга қадар зарур инфратузилмалар тайёрланиши лозим.

«Ўзбекистон фуқаросининг биометрик паспорти ҳам электрон, ҳам қоғоз кўринишидаги асосий маълумот ташувчилари ҳисобланади. Паспортда прописка, никоҳни қайд этиш ёки уни бекор қилиш тўғрисидаги қайдлар ва бошқа маълумотлар учун жойлар мавжуд. ID-карталар жорий этилиши муносабати билан ушбу маълумотларни картанинг электрон чипига киритишимиз керак. бутун республика тайёр бўлиши, ID-карталар функционал бўлиши лозим. Фуқаро қайси давлат муассасасига бормасин, у ерда тегишли ускуна, инфратузилма бўлиши керак», — деди у.

«ID-карталар 2021 йилдан босқичма-босқич жорий этилади, балки эртароқ, бироқ биз бунга яхши тайёргарлик кўришимиз керак», — дея изоҳ берди Нажмиддин Тўрахўжаев.

Унинг сўзларига кўра, Давлат персоналлаштириш маркази янги намунадаги ҳужжатларни ҳозирданоқ жорий этишга техник томондан тайёр. «Бироқ фуқароларимиз қийинчиликларга тўқнаш келмасликлари учун [паспорт] марказимиздан ташқарида функционал бўлиши керак. Биз ҳозирда бутун бошли технологик жараёнлар мажмуини ишлаб чиқяпмиз, ушбу қайдлардан фойдаланадиган давлат органларини тайёрлаймиз, имкон даражасида амалга жорий этамиз», — деди Нажмиддин Тўрахўжаев.

Аввал хабар қилинганидек, ID-карталар босқичма-босқич жорий миллий паспорт ўрнини эгаллайди (хорижга чиқиш учун 2019 йилдан алоҳида хорижга чиқиш паспорти жорий этилмоқда). Шунингдек, у давлат хизматлари ҳамда «Электрон ҳукумат» тизимидан фойдаланишда асосий ҳужжат ҳисобланади.