Европа тикланиш ва тараққиёт банки «Ўзбекэнерго» учун давлат кафолати остида 240 млн долларгача миқдорда кредит ажратмоқда, дея хабар қилди ЕТТБ матбуот хизмати «Газета.uz"га. Бу банкнинг айни вақтдаги энг йирик кредитидир, дея қайд этилади хабарда.

Маблағлар Таллимаржон электростанциясига (ИЭС) энг камида 900 МВт қувватга эга газ турбиналарини ўрнатиш ҳамда тегишли инфратузилмаларни яратишга йўналтирилади.

Лойиҳанинг қолган қисми Осиё тараққиёт банки ҳамда Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан биргаликда молиялаштирилади.

ЕТТБ хабарида таъкидланишича, узлуксиз ва барқарор электр таъминоти ҳудуддаги асосий муаммолардан ҳисобланади. Лойиҳа Ўзбекистондаги электр таъминоти самарадорлиги ва ишончлилигини оширишга ёрдам беради ва электр энергиясини ишлаб чиқариш учун янги қувватларни ташкил этиш бўйича вазифаларни ҳал этишга хизмат қилади.