Тошкентда 2019 йилнинг иккинчи ярмида Афғонистон бўйича саккизинчи минтақавий иқтисодий ҳамкорлик конференцияси (RECCA VIII) бўлиб ўтади. Бу ҳақда Афғонистон иштирокидаги «Ҳиндистон-Марказий Осиё» мулоқоти ташқи ишлар вазирлари учрашуви иштирокчиларининг қўшма баёнотида сўз боради.

Учрашув 14 январь куни Самарқандда бўлиб ўтди. Унда ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарларидан Ўзбекистондан Абдулазиз Камилов, Ҳиндистондан Сушма Свараж, Қирғизистондан Чингиз Айдарбеков, Тожикистондан Сирожиддин Мухриддин, Туркманистондан Рашид Мередов, Қозоғистондан Бейбут Атамкулов ҳамда Афғонистондан ТИВ раҳбари Салахуддин Саббоний қатнашади.

Тадбирда ўзаро савдо ўсишига кўмаклашиш чоралари, минтақа мамлакатлари иқтисодиётига сармоя, инновация, технологияларни жалб қилиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболлари, Марказий Осиё давлатларининг транзит ва транспорт-коммуникация салоҳиятини ривожлантириш, туристик сафарларни ошириш, шунингдек, илм-фан, тиббиёт, таълим ва спорт соҳаларида муайян қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Делегациялар раҳбарлари нутқларида БМТ Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюциясини инобатга олган ҳолда ёшларга оид қўшма лойиҳаларни амалга оширишга асосий эътибор қаратилди.

Мулоқотнинг алоҳида ялпи сессиясида Афғонистон ташқи ишлар вазири Салаҳиддин Раббоний бошчилигидаги делегация иштирок этди.

«Ҳиндистон — Марказий Осиё» мулоқотининг ташқи ишлар вазирлари Афғонистоннинг нуфузли делегацияси иштирокини маъқулладилар ҳамда мамлакатни минтақа ва жаҳон иқтисодий алоқалари тизимига жалб этишга хозмат қиладиган қўшма инфратузилма, транзит-транспорт, энергетика ва бошқа лойиҳаларни амалга ошириш орқали Афғонистоннинг иқтисодий тикланишига ёрдам беришга тайёр эканликларини таъкидладилар.

Делегациялар раҳбарлари мулоқот иштирокчи давлатлари ишбилармон доиралари ўртасида бевосита алоқаларни фаоллаштириш, маданий тадбирлар, Афғонистон билан таълим ва илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга оширишга улкан салоҳият мавжудлигида эътибор қаратдилар, халқаро ёшлар форумлари, фестиваллар, танловлар, илмий анжуманлар, кўргазмалар ва бошқа қўшма тадбирларда Афғонистон томонининг иштирок этишига кўмаклашиш истагини изҳор этдилар.

Таъсис Саммити якунларига кўра қўшма баёнот қабул қилиниб, унда ташқи ишлар вазирлари даражасида «Ҳиндистон — Марказий Осиё» мулоқоти жорий этилганлиги тўғрисида маълум қилинди.

Умуман олганда, вазирлар учрашуви якунлари Мулоқот доирасида кўп қиррали, ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорликни ўрнатиш ва ривожлантиришга умумий қарашлар ва ёндашувлар мавжудлигидан далолат беради. Ташқи ишлар вазирлари даражасида мунтазам равишда Мулоқотни давом эттиришга келишиб олинди.

Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари томонидан вазир Сушма Сваражнинг навбатдаги вазирлар учрашувини 2020 йили Ҳиндистонда ўтказиш таклифи маъқулланди.