12 январь куни Фарғона вилояти Учкўприк туманида Tico автомобили Катта Фарғона каналига тушиб кетди, унда кетаётган эр-хотин вафот этди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг «Газета.uz"га хабар қилишича, Фарғона вилояти Бағдод туманида Ю.Х. (1946 й.т.) 4 кун олдин сотиб олинган Тико» автомашинасини бошқариш ҳуқуқи бўлмагани ҳолда (ҳайдовчилик гувоҳномаси олмаган) бошқариб, турмуш ўртоғи М.Э. (1956 й.т.) билан бирга яшаш уйидан чиқиб, Учкўприк туманига, М.Э. нинг яқин қариндошлари уйи томон ҳаракатланишган.

Ю.Х машинада соат 10−15 ларда «Катта Фарғона» канали ўнг ёнидаги сув назорати йўлидан ҳаракатланиб, Учкўприк тумани, Катта Қўштепа м.ф.й., Бегобод қишлоғидаги канал кўприги ёнига келганида эҳтиётсизлиги туфайли, бошқарувни йўқотиб, турмуш ўртоғи М.Э билан бирга «Катта Фарғона» каналига тушиб кетишиб, вафот этишган.

«Фуқаро У.Қ ҳодиса куни қайноатаси Ю.Х ва қайнонаси М.Э. яқин қариндошларидан хабар олиш Учкўприк туманига кетишганлиги, кайфиятлари яхши бўлганлиги, қайнотаси „Тико“ автомашина бошқаришни яхши ўзлаштирмаганлигини кўрсатган», — дейилади хабарда.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.