Ўзбекистон президенти, Қуролли Кучлар олий бош қўмондони Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 27 йиллиги ва ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табриги йўллади.

«Ушбу қутлуғ айёмда ўз ҳаётини Ватан ҳимоясидек улуғ ишга бағишлаган сиз, азму шижоатли ҳарбийларимизни шарафлаб, халқимиз, мамлакатимиз тинчлиги ва хавфсизлиги йўлидаги хизматларингиз учун барчангизга чуқур миннатдорлик билдираман», — дейилади байрам табригида.

«Мутафаккир шоир Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, бу дунёда эр йигитнинг энг буюк, эзгу ва муқаддас вазифаси, аввало, ўз оиласи, Ватани ва халқини муносиб ҳимоя қилишдан иборатдир, — дейилади табрикда. — Биз сизлар билан — ана шундай ғоят масъулиятли ва олижаноб вазифани шараф билан адо этиб келаётган мард ва жасур, эл-юртга садоқатли ўғлонларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз».

Давлат раҳбари ўз табригида фарзандларини — Қуролли Кучларнинг аскар ва офицерларини Алпомишдек ботир, чинакам ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялаган барча ота-оналарга, ҳарбийлар билан ҳаёт қувончи ва ташвишларини доимо баҳам кўриб келаётган уларнинг рафиқалари ва оила аъзоларига миннатдорчилик билдирди.

«Дунё миқёсида халқаро терроризм, экстремизм каби хавф-хатарлар, миллий ва глобал хавфсизликка қарши таҳдидлар тобора ортиб бораётган ҳозирги мураккаб даврда Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳиятини юксалтириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий қурол-яроғ ва аслаҳалар билан таъминлаш, ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний, маънавий-интеллектуал тайёргарлигини ошириш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш энг устувор вазифамиз бўлиб қолмоқда», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Биз давлатимиз мудофаа қудратини ҳар томонлама ошириш, етук ва малакали ҳарбий кадрларни тайёрлашга, Ватан ҳимоячилари, уларнинг оилалари учун муносиб ҳаёт шароитларини яратишга бундан кейин ҳам алоҳида эътибор қаратамиз. Масалан, 2019 йилнинг ўзида ҳарбий хизматчилар учун имтиёзли кредитлар асосида 116 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилади. Ҳарбий хизматчиларнинг 700 дан зиёд фарзандлари олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади. Шунингдек, ҳарбий шаҳарчаларни обод қилиш, уларнинг ҳудудида замонавий инфратузилмалар барпо этиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар изчил давом эттирилади», — дейилади табрикда.

Айни вақтда шахсий таркиб ўртасида миллий ўзликни англаш ва жанговар руҳни, ватанпарварлик тарбиясини кучайтириш, ҳарбий хизматчиларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ҳам доимо эътиборимиз марказида бўлиши лозим. Шу мақсадда ёш аскар ва курсантлар учун ҳарбий қасамёд қабул қилишдан аввал «Ўзбекистон тарихи» фани ва «Темур тузуклари» китоби бўйича синов ўтказиш тартибини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқдир, дея таъкидлади давлат раҳбари.

«Халқимиз, айниқса, ёшлар ўртасида ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясини кучайтириш, ушбу соҳадаги қадрият ва анъаналаримизни тарғиб этиш, аскар ва офицерларимизнинг замон қаҳрамонлари сифатидаги қиёфасини бадиий асарлар, спектакль ва фильмлар орқали кенг ёритиб бериш алоҳида аҳамиятга эга. Бу борада таниқли олимлар, адиб ва шоирларимиз, ижодкор зиёлилар, маданият намояндалари янада самарали фаолият олиб борадилар, деб ишонч билдираман», — деди президент ўз табригида.