9 январь куни соат 15:40 ларда Наманган вилояти Косонсой тумани Қукумбой МФЙ Қукумбой кўчаси рақамсиз уйда яшаб келган, 1996 йилда туғилган А.Ш. номаълум сабабларга кўра ўз жонига қасд қилиб, яшаш уйидаги ўтинхонада ўзини-ўзи осиб, ўз жонига қасд қилган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг «Газета.uz"га маълум қилишича, воқеа жойига туман прокурори, прокуратура терговчиси, ИИБнинг бошқа тезкор тергов ходимлари етиб борган. Марҳум Ш. А.нинг жасади туман тиббиёт бирлашмаси шифокори томонидан кўздан кечирилганида, бўйин соҳасидаги странгуляцион эгатидан бошқа тан жароҳатлари аниқланмаган.

Ҳозирда, ўлим холати юзасидан суд-тиббиёт экспертизаси тайинланиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Баъзи хориж ОАВлари, жумладан «Озодлик» радиоси Ш. А.нинг ўша куни отасининг ўрнига ҳокимликда ўтказилган мажлисда иштирок этгани, йиғилишда унга ва отасига нисбатан аччиқ гаплар айтилганини хабар қилди. Бош прокуратура мазкур хабарни рад этди.

«Йиғилишда Ш. А.га нисбатан ҳеч қандай эътирозлар тилга олинмагани аниқланди ва ота-онасининг сўзларига кўра, у ҳокимиятдаги йиғилишдан яхши кайфиятда келган, ота-онасига нима сабабдан ўз жонига қасд қилгани маълум эмас», — дейилади Бош прокуратура хабарида.