Наманган вилояти божхона бошқармаси «Косонсой» чегара божхона пости ходимлари томонидан телевизорларни постдан ноқонуний йўллар билан олиб ўтмоқчи бўлган шахс тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Фуқаро Ш. Ж. белгиланган меъёрдан ортиқ бўлган маҳсулотлар учун тўланиши лозим бўлган божхона тўловларидан бўйин товлаб, қўшни давлатдан Ўзбекистон Республикасига «Косонсой» чегара божхона пости орқали хорижда ишлаб чиқарилган 8 дона рангли телевизорларни 8 нафар фуқаролар кўмагида «Косонсой» чегара божхона пости орқали ноқонуний олиб ўтмоқчи бўлганлиги аниқланди.

Фуқаро Ш. Ж. бу найранги билан 13,6 миллион сўмлик телевизорлар учун божхона тўловларидан бўйин товламоқчи бўлган экан. Аммо, унинг бу режасини божхоначилар пучга чиқаришди.

Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича текширув ишлари олиб борилмоқда.