Тошкентда Ҳиндистон билан ҳамкорликда Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки ташкил этилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 10 январдаги тегишли қарорида сўз боради.

Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ҳиндистон Элеткроника ва ахборот технологиялар вазирлиги қошидаги Дастурий технологиялар парклари ўртасида Ҳиндистоннинг илғор тажрибаси асосида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркини ташкил этиш тўғрисидаги келишувга эришилди.

Технопаркнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

  • ахборот технологиялари соҳасида рақобатбардош маҳсулотлар ва хизматларни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларни ички ва ташқи бозорда илгари суриш, инновацион ишланмаларни рағбатлантириш;
  • технопарк резидентларини ўз фаолиятини ривожлантириш учун зарур бўлган юқори технологик инфратузилма ва замонавий лабораториялар билан таъминлаш, уларга молиявий, маркетинг, ҳуқуқий ва бошқа консалтинг хизматлари, хусусан бизнес акселератор хизматларини кўрсатиш;
  • ахборот технологиялар соҳасида янгидан иш бошлаган ва кичик корхоналарга стартап-лойиҳаларни амалга оширишда, инновацион фаолияти натижаларини тижоратлаштиришда, шу жумладан венчур молиялаштириш асосида кўмаклашиш;
  • резидентларга лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш учун маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб қилишда, шу жумладан замонавий дастурий маҳсулотлар ва технологиялар трансферини амалга ошириш орқали кўмак бериш;
  • юқори технологияли маҳсулот ва хизматлар ишлаб чиқариш тармоғини амалга ошириш учун илмий, таълим ва ишлаб чиқариш ташкилотлари фаолиятини интеграциялашга кўмаклашиш;
  • ахборот технологиялари соҳасида юқори малакали мутахассислар синфини яратиш мақсадида ёш мутахассисларни ўқитишни ташкил этиш;
  • етакчи компаниялар ва мутахассислар иштирокида ахборот технологиялари соҳасида маҳорат дарслари, тренинглар ва малака ошириш курслари, шунингдек илмий-амалий конференциялар ва семинарлар ташкил этиш.

Технопаркка Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани Тепамасжид кўчаси 4-уйдан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилди.