Американинг The New York Times газетаси Ўзбекистонни 2019 йилда ташриф буюриш лозим бўлган 52 йўналиш рўйхатига киритди. Аввалроқ Британиянинг The Guardian нашри ҳам Ўзбекистонни жорий йилда саёҳатчилар учун энг яхши 40 йўналишга киритган эди.

«Қачонлардир Ипак йўли бўйлаб саёҳат қилишни орзу қилган бўлсангиз, ҳозир бунинг айни вақти, — деб ёзади газета. — Собиқ Совет Иттифоқи парчаланганидан 25 йил ўтиб тарихий йўлнинг бир қанча ҳайратланарли қисмлари жойлашган Ўзбекистон собиқ совет республикаси ниҳоят ўз ислоҳотлари даврини бошдан кечирмоқда».

Нашр мамлакатни модернизация қилишга қаратилган қатор ислоҳотларни: валюта айрибошлашнинг соддалаштирилгани, авиачипталарни онлайн банд қилиш ва виза учун аризаларни онлайн бериш имкониятлари, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг сайёҳлар учун ягона Ўрта Осиё визасини ташкил этишдаги ҳамкорлиги, чегара ўтказиш пунктларининг очилгани, минтақа пойтахтлари билан ҳаво алоқасининг қайта тиклангани ва Нью-Йоркка парвозлар сонининг ортганини санаб ўтди.

Шунингдек, Тошкентда янги Hyatt Regency меҳмонхонасининг қурилгани, яқин йилларда бошқа халқаро отелларнинг очилиши, дунё даражасидаги тоғ-чанғи курорти ва Бухорода сайёҳлик зонаси ишга туширилиши кутилаётгани ҳам қайд этиб ўтилган.