Мамлакат президенти раислигида 2019 йил 8 январь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича янги босқичма-босқич тизим жорий этилиши муҳокама қилинди. Бу ҳақда Norma.uz хабар берди.

Янги, 4 босқичли тизимнинг жорий этилиши ҳудудлар ва тармоқларда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳалар миқёсини кенгайтириш, уларнинг амалга оширилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш имконини бериши қайд этилди.

Унга мувофиқ, биринчи босқичда вилоят ҳокимлари ҳар ҳафтада биттадан туман ёки шаҳарга бориб, элчилар билан алоқа ўрнатган ҳолда, у ерга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича ишларни ташкил қилади. Тармоқ раҳбарлари ҳам ҳар ҳафтада битта вилоятга бориб, маҳаллий корхоналар билан бирга амалдаги лойиҳаларни бажариш ва қўшимча инвестиция лойиҳалари бўйича иш олиб боради. Бош вазир ва унинг ўринбосари элчилар иштирокида жалб қилинган хорижий инвестицияларни ўзлаштириш ҳолатини мунтазам муҳокама қилиб боради. Натижаларига қараб, ҳокимлар ва тармоқлар раҳбарлари рағбатлантирилади ёки уларга нисбатан иш ҳақининг 50%и миқдорида жарима қўлланади.

Ҳудудларга бириктирилган республика идоралари раҳбарлари вилоят ҳокимлари ва элчилар билан биргаликда ҳар бир туман (шаҳар)да тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳалар ҳолатини ўрганиб, уларнинг ижросини жадаллаштириш бўйича аниқ чоралар кўради. Шунингдек, қўшимча лойиҳалар бўйича таклифлар ишлаб чиқиб, хорижий инвесторларни жалб қилади.

Иккинчи босқичда Инвестиция қўмитаси ҳудудлар ва тармоқларнинг инвестиция лойиҳалари бўйича таклифларини умумлаштириб, самарадорлигини баҳолайди ва ягона электрон онлайн базани шакллантиради.

Учинчи босқичда Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда ҳудудларга бириктирилган элчилар ягона электрон базага киритилган лойиҳаларга хорижий инвесторларни жалб этади.

Тўртинчи босқичда Вазирлар Маҳкамаси саралаб олинган истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижий инвесторлар билан тегишли келишувларни расмийлаштириб, ижросини назоратга олиш бўйича «йўл хариталари"ни тасдиқлайди.