Ўзбекистон ва Қозоғистон давлатлари Ҳукуматлари ўртасида имзоланган «Йўл харитаси» ижроси доирасида «Ғишткўприк» чегара божхона постини модернизация ва реконструкция қилиш ишлари якунига етказилиб, чегара ва божхона назорати янги биноси қуриб фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу янги бинони очилиш маросимида Тошкент вилояти ҳокими Ғуломжон Ибрагимов, Давлат божхона қўмитаси ва ДХХ Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмита раҳбарияти иштирок этишди.

Мазкур янги бинода фуқароларнинг чегара ва божхона назоратидан ўтишлари учун барча шароитлар яратилган. Хусусан имконияти чекланган фуқаролар учун алоҳида йўлаклар ташкил этилган. Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш мақсадида сайёҳлар учун ҳам алоҳида йўлаклар мавжуд.

Ушбу бинонинг фойдаланишга топширилиши билан «Ғишткўприк» чегара божхона пости орқали фуқароларни ўтказиш имконияти янада ортди. Яъни, бир кунда 40 минг нафар фуқарони ҳаракатланиши учун имконият юзага келди.

Мазкур янги бинода чегара ҳамда божхона назоратидан ўтказилган фуқаролар ва Ўзбекистонга ташриф буюраётган сайёҳлар яратилган ушбу шарт-шароитлардан чексиз мамнун эканликларини изҳор этишди.